ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Жиноятга жазо муқаррар

Маънавияти нуқсонли бўлган киши борки, хатти-ҳаракати оқибатини ўйламай  иш қилиб, жиноятчи, деган тамғани орттириб олади. Бугун эътиборингизга ҳавола этилаётган жиноят тафсилоти иштирокчи ҳам бир оилага бош, кимнингдир отаси, яна бир умидвор муштипар онанинг дилбанди, қариганимда суянч бўлади, деган умидда улғайтирган отанинг ўғли.

Афсуски, жиноят йўлини танлаган йигит жисмонан соғлом, тоғни урса талқон қиладиган ёшда. Бироқ, у оғирнинг устидан, енгилнинг остидан ўтишни афзал кўрган одам. 

Қорабоев Азим Алим ўғли, 2000 йил 14 сентябрь куни Бойсун туманида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти ўрта-махсус, оилали, икки нафар фарзанди бор, судланмаган, вақтинчалик ишламайди, Бойсун тумани “Мустақиллик” маҳалласида яшаган. 

Дўстинг кимлигини айт, мен сенга кимлигингни айтаман, дейилган пурмаъно ҳикмат бежизга айтилмаган. Иш бўйича жабрланувчи деб эътироф этилган шахс Қурбоналиев Мамур Шавкат ўғли судланган А.Қорабоевнинг яқин дўсти ҳисобланади.

Ажабланарли жойи шундаки А.Қорабоев 2022 йил 09 март кунидан 10 март кунига ўтар кечаси ўзининг яшаш уйида ушбу маҳаллада яшовчи Қурбоналиев Мамур Шавкат ўғли билан биргаликда базму жамшид қилиб, спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда ўзаро тортишиб, жанжаллашиб қолишиб, жанжал вақтида А.Қорабоев ошхона пичоғи билан М.Қурбоналиевнинг қорин қисмига бир маротаба санчиб, унга қасддан ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан тан жароҳати етказган.

Судда судланган А.Қорабоев айбига тўлиқ иқрор ва пушаймонлик билдириб суддан қонуний енгиллик беришни сўраган.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Бандихон туман суди томонидан кўриб чиқилиб, иш ҳужжатлари атрофлича ўрганилиб, суднинг 2022 йил 4 июль кунидаги ҳукмига кўра, Қорабоев Азим Алим ўғлига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми “л” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Жиноят иши Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида судланган А.Қорабоевнинг апелляция тартибидаги шикоятига асосан 2022 йил август ойининг 4 куни кўриб чиқилиб, жиноят ишлари бўйича Бандихон туман судининг 2022 йил 4 июль кунидаги ҳукми ўзгаришсиз, шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Мана кўза кунда эмас, кунида синадиган кун келди. Қонуннинг қўли узун, нигоҳлари ўткир. Унинг назаридан, қатъий талабидан, қолаверса, жазодан қочиб қутилиб бўлмайди.

Ж.Худойбердиев, Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси                                

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan