ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Ҳоким ёрдамчисидан видеосини интернетда тарқатмаслик эвазига 300 доллар талаб қилган андижонлик блогерга жиноят иши қўзғатилгани айтилмоқда

Андижон вилоятининг Избоскан туманида ҳоким ёрдамчисидан видеосини интернетда тарқатмаслик эвазига 300 доллар талаб қилган блогерга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда «Дарё» манбаси хабар берди.

Ижтимоий тармоқларда дастлаб Избоскан туман ҳокими ёрдамчиси иш вақтида оёғини узатиб, фуқаро билан беписанд муносабатда бўлаётгани акс этган видео тарқалганди. Шундан сўнг блогернинг ҳоким ёрдамчисидан видеони тарқатмаслик учун 300 доллар пул сўрагани эшитилган аудиоёзув тарқалди. «Дарё» мухбири воқеага аниқлик киритиш мақсадида журналистик суриштирув ўтказганди.

Унда Избоскан тумани ҳокими ёрдамчиси Ҳожимурод Умрзоқов 2021 йилнинг ноябрь ойидан буён ҳоким ёрдамчиси вазифасида ишлаб келиши, шу вақт давомида блогер ундан бир неча маротаба пул сўраб мурожаат қилгани ва ёрдам бериб келганини билдирганди. Сўнгги пайтларда эса блогерга молиявий кўмак беролмай қолгани, блогер халқаро блогерлар кунига бирор нарса қилиб беришини сўрагани, ҳеч нарса қилиб беролмаслигини билдирганини маълум қилганди.

Блогер Муҳаммадюсуф Йўлдошев эса ўша куни ҳақиқатан ҳам «Менга 300 доллар бер. Сенинг видеойингни чиқармайман», деган фикрни билдирганини тан олиб, бу гапларни киноя-ҳазиломуз тарзида гапирганини айтган эди.

«Дарё» манбасига кўра, ушбу воқеадан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганишлар олиб борилган. Ўрганишлар давомида бир қанча фуқаролардан блогер устидан ариза ёки шикоят билан мурожаат қилган. Уларнинг мурожаатига асосан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноят иши доирасида блогер Жиноят кодексининг бир нечта моддаси билан гумонланувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, суднинг ажрими билан унга «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.

«Дарё» мухбири вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда вилоят судидан блогер иши юзасидан маълумот олишга уринган, бироқ сўровига жавоб ололмаган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan