ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Тошкентда «Нархоз»га ўқишга киритиб қўйиш учун 3 минг доллар олган кабинет мудири ушланди

Хоразм, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ўқишга киритиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.

Маълум қилинишича, департаментнинг Шайхонтоҳур туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИББ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг кабинет мудири вазифасида ишловчи С.М. фуқаро Ш.га юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали университетнинг 2-мутахассислигига ўқишга киритиб қўйишга ваъда бергани аниқланган. Бунинг эвазига у 3 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Андижон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Ш.А. исмли шахс фуқаро Д.ни юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Андижон давлат университетининг сиртқи бўлимига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3 минг доллар олган вақтида қўлга тушган.

Департаментнинг Янгиариқ туман бўлими томонидан ДХХнинг Хоразм вилоят бошқармаси билан ўтказилган тезкор тадбирда эса фуқаро С.И. бошқа бир фуқаро З.ни танишлари орқали Урганч давлат университетига ўқишга киритиб қўйиши эвазига 2,3 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan