Ҳарбий тадбирлар

Ён қўшнинг – жон қўшнинг!

Ён қўшнинг – жон қўшнинг. Ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги қўшничиликни бунданда пурмаъно ибора билан ифодалаб бўлмайди. Чунки бу икки қардош халқнинг қўшничилиги тарихий, маданий, маънавий қадриятлари асрлар давомида бир-бирига чамбарчас боғланиб кетган.

Турли соҳаларда дўстлик ва қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаб бораётган бу икки миллат вакиллари кейинги йилларда ҳарбий йўналишда ҳам ҳамкорлик алоқаларни йўлга қўйиб бормоқда. Ҳар йили ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбий хизматчилар иштирокида икки томонлама ўқув-машғулот йиғинлари икки давлатнинг турли ҳудудларида ўтказилиб келинади. Бу сафар ана шундай ўқув-машғулот йиғини биринчи марта салкам уч асрлик тарихга эга Термиз шаҳрида ўтказилмоқда.

Бугун Сариосиё чегара назорат-ўтказиш пункти орқали «Ҳамдўстлик – 2022» ўқувида иштирок этадиган қўшни давлат ҳарбийлар Термиз шаҳрига етиб келишди.

Тожикистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи ўринбосари, генерал-майор Эгамзод Шароф Худойберди бошчилигидаги делегация чегара назорат-ўтказиш пунктида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари бош штаби бошлиғи ўринбосари полковник Фаррух Зиябоев ҳамда Жанубий оператив қўмондонлик бошлиғи Пўлатжон Сотволдиев томонидан кутиб олинди.

Ўзбекона карнай-сурнай садолари остида кутиб олинган меҳмонлар махсус транспорт воситаларида Термиз дала-ўқув майдонида жойлашган ҳарбий қисмга етиб келди.

Бу ерда қардош халқ ҳарбий хизматчиларини Сурхондарё вилояти фахрийлари, маҳаллий ёшлар ва жамоатчиик вакиллари дўстона қарши олдилар. Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўмондони генерал-майор Зайнобиддин Иминов меҳмонлар делегациясини кутиб олиш жараёнида генерал-майор Эгамзод Шароф Худойберди ва бошқа тожикистонлик ҳарбийларни Сурхон заминига ташрифидан мамнунлигини билдирди. Тожикистонлик ҳарбий хизматчилар ўзлари учун ажратилган ётоқхоналарга жойлаштирилиб, куннинг биринчи ярмида белгиланган тадбирлар шу тарзда якунланди.

Бугун кечки пайт икки давлат ҳарбийлари иштирокида ўн кун давом этадиган ўқув-машғулот режалари билан танишиш йиғини ҳамда меҳмонлар учун маданий ҳордиқ дастури бўлиб ўтади.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan