ЎЗБЕКИСТОН

Сурхондарёда 774 нафардан ортиқ қарздорларга нисбатан қидирув эълон қилинган

Бугун Термиз шаҳридаги Муатбуот уйида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари томонидан 2022 йилнинг ўтган 6 ойи давомида амалга оширилган ишлар ва алимент ундирувлари билан боғлиқ ижро ишларига бағишланган матбуот анжумани  бўлиб ўтди. Унда журналист ва блогерлар иштирок этишди.

Такидландики, мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан 2022 йилнинг дастлабки 6 ойи давомида давлат ижрочилари иш юритувида бўлган жами 2 трлн. 912 млрд. 818 млн. сўмлик 170 минг 396 та ижро ҳужжатлари юзасидан мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиб, шундан 1 трлн. 790 млрд. 330 млн. 500 минг сўмлик 84 минг 914 та ижро ҳужжатлари ижроси таъминланган.

Ижро ҳужжатлари бўйича асосий эътибор давлат фойдасига ундирувларга қаратилиб, 29 минг 439 та бу турдаги ижро ҳужжатлари бўйича 223 млрд. 951 млн. сўм амалда ундирилган.

Шунингдек, алимент ва унга тенглаштирилган тўловлар ундируви билан боғлиқ жорий йил бошидан 26 минг 5 та ижро ҳужжатлари бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиб, алимент тўловларини олдиндан тўлаб берганлиги, фарзандларининг 18 ёшга тўлганлиги ҳамда тарафлар ўзаро ярашганликлари сабабли жами 3 минг 703  та ижро ҳужжатлари тамомланган. Энг қувонарлиси давлат ижрочиларининг ташаббуси билан ҳамда оила вакилларининг ўзаро ярашганликлари муносабати билан жами 1033 та алимент ижро ҳужжатлари  муддатидан олдин иш юритувдан тугатилган.

-Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти ҳудудий органлари томонидан вилоятда 15 минг 768 нафар қарздорларга нисбатан Ўзбекистон Республикасидан четга чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган.

Шунингдек, 2022 йилда қарздорликларини бартараф этган 3 минг 63 нафар қарздорларга нисбатан қўлланилган чеклов чоралари бекор қилинган.

Бошқарманинг қидирув шўъбаси томонидан олиб борилган тадбирлар давомида жорий йил 6 ойи давомида қидирувда бўлган 774 нафар қарздорлардан 352 нафари (ш.ж. 348 нафар алимент қарздорлари) топилиб, улардан қарийб 90 млн. сўм қарзлар ундирилиши таъминланган бўлса, қидирувда бўлган 206 та автотранспорт воситаларидан 73 таси топилиб, улар бўйича қарздорлардан жами 4 млрд. 106,1 млн. сўм қарзлар, шу жумладан 667,4 млн. сўм солиқ қарзлари  ундирилди.

Суриштирув соҳасида 2022 йил 6 ойида қайд этилган 27 та жиноят ҳақидаги ариза ва хабарларнинг барчаси бўйича жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, шундан 26 нафари алимент тўлашдан қасддан бўйин товлаган алимент тўловчилар жиноий жавобгарликка тортилган, – дейди МИБ Сурхондарё вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Ҳамид Тоғаев.

Анжуман давомида Бюро органларини билимли, ҳалол ва пок ходимлар билан тўлдиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилганлиги айтиб ўтилди.

Хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаган ва “Касб одобномаси” талабларига риоя қилмаган жами 29 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилган бўлса, ўз хизмат вазифаларини виждонан бажарган 109 нафар ходимларнинг 2 нафари Бош прокурор томонидан, 31 нафари Бюро директори томонидан ҳамда 76 нафари бошқарма бошлиғи томонидан рағбатлантирилганлиги ҳақида иштирокчиларга маълумот бериб ўтилди.

Матбуот анжумани сўнггида, журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan