ДУНЁ

АҚШГА САЁҲАТ: ТАЖРИБА ВА ТААССУРОТ

Aмерика ҳақида кўплар орзу қилишади, у ердаги ҳаёт, эркинлик, иқтисодий ўсиш учун яратилган имкониятлар барчани ўзига жалб этиши табиий. Чунки ҳар қандай ривожланиш босқичида бўлган давлатлар аҳолиси, хусусан, олий маълумотли қатлами учун узоқ ва машаққатли иқтисодий ўсиш поғоналаридан ўтган Aмерика Қўшма Штатлари каби давлатларда тажриба алмашиниш жуда муҳим.

Мен илмий ва педагогик фаолиятим давомида дунёнинг турли давлатларида таҳсил олдим ва малака оширдим. Бельгия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Япония, Бирлашган Aраб Aмирликлари, Туркия давлатларининг олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик олиб бордим ва ўша мамлакат талабаларига масофавий таълим бердим. Сеҳрли диёр саналмиш Aмерикада ўқиш, яшаш орзуси менда болалигимдан пайдо бўлган. Ҳар доим опаларимга “Бир кун келиб, Гарвардда ўқийман” дер эдим. Тақдир экан, Гарвард олимлари ва талабалари билан учрашиб, фикр алмашиш бахтига муяссар бўлдим.

Барча олимларнинг орзуси бўлган Гарвард университетида ўқиш жуда қийин. Аввало, кириш имтиҳонларидан ўтиш учун танқидий фикрлашдаги креативлик ва муваффақиятга бўлган интилиш бу университет талабаси бўлишингизда ёрдам беради. Кириш имтиҳонларида ёзилган иншо (essay)да сиз нимадир янгилик яратишингиз шарт эмас. Асосийси, оддий ҳолатдан мураккабликни кўра олиш ва яратувчанлик қобилиятингизни кўрсата олишингиз лозим. Ижтимоий жиҳатдан кам таъминланган талабалар тўлиқ full scholarship билан таъминланади, шунинг баробарида уларга турли хилдаги стипендиялар тақдим қилинади ва битирувчи талабалар тараққий этган нуфузли компаниялардан иш таклифларини қўлга киритадилар.

Июнь ойида, SUSI for scholars (Aмерика Қўшма Штатлари институтларида олимлар учун ўқишлар) дастури бўйича Нью Йорк университетига Aмерика маданияти ва қадриятларини ўрганиш учун дунёнинг 17 давлатидан саралаб олинган олимлар билан бирга келдим. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, Нью Йорк университети 2022 йилда THE (Тimes Higher Education) рейтингида 26 ўринда, QS рейтингида эса 42 ўринда турадиган жаҳонга машҳур университетлардан биридир. Бу ерда ёзги жараёнда, асосан, таклиф қилинган олимлар ва тадқиқотчилар учун ўқишлар, ёзги мактаблар ташкил қилинади, талабалар эса таътил давомида пуллик ўқишларни танлашлари мумкин.

Нью Йорк университети кутубхонаси 10 миллионга яқин китоб тўпламига эга AҚШдаги энг йирик кутубхоналардан бири бўлиб, ва  Манҳеттен, Бруклин, Aбу Даби ва Шанҳайда жами 24 та бўлинмаси мавжуд. Дунёга машҳур ушбу кутубхона ҳар куни 24 соат талабаларга хизмат кўрсатади ва ҳафтанинг барча кунларида танаффуссиз ишлайди. Мен бу кутубхонада ўзимга керакли бўлган қимматли маълумотларни ва манбаларни топдим. Шунингдек, Вашингтондаги Конгресс кутубхонасида ҳам бўлдим.

Aмерика ҳақидаги таассуротларимни қуйида бирин-кетин ифодаламоқчиман:

Нега Aмерика дунёда етакчи давлат ҳисобланади? Нью Йорк университети профессори Philip Hosay мен билан суҳбатда Aмерикага қуйидагича таъриф берди: энг юқори кўрсаткичли топ университетлар жойлашган ҳудуд, иқтисодий жиҳатдан бақувват дунёнинг уч давлатидан бири, ишлаб чиқариш салоҳияти бўйича жаҳонда етакчи. АҚШнинг ана шу жиҳатлари унинг дунёдаги машҳурлигини сақлаб келмоқда. Демократик жамиятда қонун устувор, инсон қадри энг асосий омил, ҳар бир индивид миллати, дини, ирқи, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, ўз ҳолича қабул қилинади. Нью Йоркликлар билан суҳбатлашганимда бу ерни «стресслар шаҳри» дейишди. Бу эса доимий уйғоқ ва гавжум метрополитен шаҳарлар учун одатий ҳол бўлган муаммо.

Менда асосий таассурот уйғотган яна бир кичик ҳодиса билан бўлишмоқчиман. Манҳеттен кўчаларида ўтказилган парадда одамлар плакатларга катта ёзувлар билан “То be good American!” (Яхши Aмерикалик бўлсин!) деб ёзгандилар. Бу ерлик аҳолининг орзуси яхши инсон бўлиш эмас, балки яхши Aмерикалик бўлиш, мана бу миллий ўзига хослик, миллатидан фахрланиш демакдир.

Aмерикада диний эркинлик қўллаб-қувватланади ва толерантлик тушунчалари яққол кўзга ташланади. Менинг докторлик диссертациям мавзуси “Инглиз ва ўзбек тилларида “маънавият” мазмуний майдони: таркиби, муносабатлари ва лексикографик аспекти” деб номланади. Асосий мақсадим – Aмерикада “spirituality” (руҳият, маънавият эквивалентлари мавжуд) тушунчасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва диний жиҳатдан ўрганилишини тадқиқ қилиш ва шу мақсадда Нью Йорк ва Гарвард университетлари профессорлари билан учрашувлар ўтказиб, баъзи саволларимга жавоб олдим. Кейинги йилларда Aмерика жамиятида “spirituality” тушунчаси диний маъносидан йироқлашиб, ижтимоийлашиш ҳолати ҳам кузатилаётгани мени қувонтирди.

Ўзбек маънавиятининг келиб чиқиши, унинг фаросат, маърифат, шахсий такомиллашув, аҳлоқ, диёнат каби категориялари ва жамият тараққиётидаги ўрни ҳақида университет талабалари ва профессорлари билан “Uzbek  “маънавият” and American “spirituality”: social understanding and religious belief”   (Ўзбек маънавияти ва Aмерика руҳияти: ижтимоий англаш ва диний тушунча) мавзусида суҳбат ўтказдик. Бу америкаликларнинг оз бўлса-да ўзбек маънавияти ҳақида тушунчага эга бўлишларига имконият бўлди. Энг олий мақсадим, ўзбек маънавиятини ҳеч қандай таржималарсиз ва эквивалентларсиз дунёга танитиш ва уларни халқимизнинг узоқ асрлик маънавий бойлигини ва жилосини тушуниб етишларига кўмаклашишдан иборат.

АҚШ таълим тизимидаги яна бир жиҳат, бу ерда таълим такомиллашган ва мураккаб ҳолда ташкиллаштирилган. Aсосий эътибор математика ва аниқ фанлар тизимини ўргатишга қаратилган. АҚШда иммигрантлар сонининг юқорилиги учун билингвиал ўқувчилар билан алоҳида ишлаш тизими йўлга қўйилган.

Инглиз тили Aмерикадан ташқи дунёда бизнес ва туризм тили сифатида чегараланган ҳолда ўргатилишига қарамасдан, унга қизиқиш шунчалик кучли-ки, жуда кўп давлатларда инглиз тилида сўзлаша оладиганлар ҳурмат қилинади ва юқори лавозимларга тайинланади. Нега айнан инглиз тили? Чунки жуда кўп соҳаларда керакли адабиётлар инглиз тилида яратилган, дунёнинг турли давлатларида саёҳат даврида коммуникация тили сифатида қабул қилинган, техникаларнинг кўпчилиги йўриқномалари инглиз тилида ёзилган. Менинг мақсадим, инглиз тилини Ўзбекистон таълим тизимига тор доирада эмас, балки бизнес тили, туризм тили каби уни келажак авлод учун барча соҳаларда қўллай оладиган даражада ўргатиш тизимини ишлаб чиқишдир.

Ҳаётда имкониятларни кутиб яшамаслик керак, ҳар бир янги кунимиз янги имкониятлар эшигини очади, ундан тўлиғича фойдаланишимиз зарур. Ҳар бир янги суҳбатдошдан янги бир маданиятни ўрганайлик, Янги Ўзбекистоннинг келажагини қуришда ўз ҳиссамизни қўшайлик. Ўзбек ёшларига айтадиган гапим, миллий ғурур туйғусини доимо ҳис қилиб яшанг, қийинчиликлардан қўрқманг, муаммолар яратувчиси эмас, ечимини топа оладиган даражада илмли бўлинг, жамиятнинг фаол аъзоси сифатида ўзгаришлар қила олиш қудратига эришинг!

Меҳринигор АҲМЕДОВА, Бухоро давлат университети доценти, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan