ЖАМИЯТ

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг ҳуқуқий ҳимояси

Ҳар қандай жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий етуклиги ёлларга муносабати билан белгиланади. Хотин-қизларнинг жамият ривожидаги ҳиссасини муносиб баҳолаш, уларга барча масалаларда кўмаклашиш-буларнинг барчаси қадимдан халқимизга хос.

2022 йил июнь ойида Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қумитаси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитасининг “Оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашда мутасадди вазирликлар ва идораларнинг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қўшма қарори қабул қилинди.

Мазкур қўшма қарорда оилаларни мустаҳкамлаш ва
хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни тизимли ташкил этиш бўйича мутасадди вазирлик ва идораларнинг 2022 йилнинг июнь-декабрь ойларига мўлжалланган ҳамкорлик дастурида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ижросини таъминлаш мақсадида вазирлик ва идораларнинг масъул раҳбар ходимларидан иборат бўлган республика, вилоят, туман (шаҳар) ҳамкорлик гуруҳлари ва ҳамкорлик гуруҳлари тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Ҳамкорлик гуруҳларининг асосий вазифалари бу оилаларни мустаҳкамлаш ва оилавий ажримларни олдини олиш;

-оила ва ва хотин-қизларнинг муаммоларини эрта аниқлаш ва уларни ҳал этишга кўмаклашиш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган оила ва хотин-қизларга ижтимоий ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш;

-аёлларни ҳамда болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, хотин-қизларни тазъйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш;

-хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш ва тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш;

-хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, маънавияти ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш;

-ҳамкорлик дастуридаги тадбирларни ҳар бир туман (шаҳар) секторлар ва маҳаллалар кесимида ташкил этишдан иборат.

Ҳамкорлик дастуридаги чора-таюбирларни тизимли ташкил этиш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларга муайян вазифаларни амалга ошириши белгиланди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий судига – суд органларига ажрашиш учун ариза берган оилаларнинг рўйхатини шакллантириш ҳамда улар билан индивидуал ишлаш учун Қўмитанинг ҳудудий бўлимларига тақдим этиш, ҳамкорликда маҳаллаларда сайёр судларни ўтказиш белгиланган.

Сурхондарё вилояти маъмурий суди судьялари томонидан мазкур қўшма қарор ҳамда ҳамкорлик гуруҳларига белгиланган вазифаларнинг ижроси юзасидан Термиз шаҳри ва Термиз туманида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар ҳамда ушбу дафтарга киритилган ногиронлиги бор аёлларнинг қийнаб келаётган масалалари бўйича сайёр қабул ўтказилиб, уларга тегишли ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Сайёр қабул давомида “Аёллар дафтари”га киритилган ҳамда ногиронлиги бор хотин-қизларнинг мурожаатлари табиий газ билан таъминлаш, алимент пулларини ўз вақтида ололмаётганлиги, соғлигини тиклашга моддий ёрдам пуллари ажратиб бериш, имтиёзли кредит ажратиш, ҳудуд ободонлиги масалалари бўйича мурожаатлар қабул қилинди. Ушбу масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Судьялар томонидан сайёр қабулда келолмаган ногиронлиги бор аёлларнинг хонадонларига бориб, уларнинг муаммолари ўрганилганда, энг аввало ушбу аёллар давлатимиз раҳбари томонидан уларга нисбатан кўрсатилган ғамхорлик ва эътибордан мамнун эканлиги, давлат томонидан уларни барча шароитларга эга бўлган уй-жой билан таъминланганлиги, бу ғамхорлик ва давлат томонидан уларни қўллаб-қувватлашганлиги уларнинг янада яшашга қизиқиш пайдо бўлганлигини мамануният билан гапириб, давлатимиз раҳбари ҳақида дуолар қилишди.

Айниқса, Термиз тумани, “Гулистон” МФЙ, “Фодокорлар” маҳалласида яшовчи 1-гуруҳ ногиронлиги бор бўлган опа-сингиллар Раҳимова Гавҳар ва Раҳимова Кароматларнинг хонадонига бориб, уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилганда, улар ўзларини барча шароитларга эга бўлган уй-жой билан таъминланганлиги,  ғамхорлик учун давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорчилигини билдирдилар. 

Бугунги кунда мамлакатимизда ривожланган мамлакатлар қаторида инсон эркинлигини ижтимоий, оилавий, шахсий ҳаётда ҳар томонлама таъминлашга муҳим аҳамият бериб бориш долзарб масалага айланган.

Айниқса, оилавий зўравонлик, аёлларга нисбатан тазйиқ ўтказишнинг олидини олиш борасида бир қатор чора-табдирлар ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига мувофиқ эр ва хотин оилада тенг ҳуқуқлардан фойдаланади ва улар тенг мажбуриятларга эгадирлар, эр ва хотиннинг ҳар бири машғулот тури, касб ва яшаш жойини танлашга эркиндир.

Тарихдан маълумки, меҳнат турлари ва санъат дастлаб аёл зоти томонидан кашф этилган, эркаклар эса уларни ривожлантириб, такомиллаштирган. Демак, ҳозирги замон цивилизациясининг ибтидосида аёл турган. Ўтмишда аёллар ҳукмронлиги давридан эркаклар салтанатига ўтиш хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини ўзгартирди, аёллар фаолиятини фақат оила чегарасида белгилашга мойиллик кучайди. Аёллар ўз қобилияти ва истеъдодини ривожлантириш, намоён этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиб, оиладаги ўрни фақат фарзанд туғиб, уларни тарбиялаш билан чекланиб қолди. Оқибатда у эркак кишига моддий, маънавий, ижтимоий, маиший жиҳатдан қарам бўлиб яшай бошлади.

Ижтимоий тузумлар ўзгариши билан инсон ҳаётига бўлган муносабатлар ҳам ўзгариб, қонунсизлик, яъни қадр-қимматни поймол этиш каби кўплаб салбий ҳолатларга нисбатан норозилик туйғуси шакллана борди ва натижада адолат, аёл эркинлиги, ҳуқуқини эътироф этиш ғоялари етила бошлади. Бу эса, аёлларнинг ҳам эркин яшашга ҳақли инсон экани, жамият тараққиётида ўз ўрнини топиши зарурлиги ғоясини вужудга келтирди.

Ҳар бир давлатнинг ички сиёсатига тегишли деб қаралган инсон ҳуқуқлари масалалари, жумладан, аёл ҳуқуқи ва аёлга нисбатан зўрлик ишлатиш ҳолатларига халқаро ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик аралаша бошлади. 1948 йили БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”да эркак ва аёлларнинг тенглиги, зарур муҳим ижтимоий хизматлардан баҳраманд бўлиш, сиёсий ва иқтисодий қарорлар қабул қилиш, меҳнат қилиш ҳуқуқи ва меҳнат учун тенг ҳақ олиш, қонун билан ҳимояланиш борасидаги муаммоли соҳалар алоҳида ажратиб кўрсатилган.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг қабул қилинган қонунларимизда аёл ҳуқуқларига инсон ҳуқуқининг алоҳида ажралмас қисми сифатида қарала бошланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида: “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар”, дея эътироф этилиши мамлакатимизда аёллар жамиятнинг фаол аъзоси сифатида барча соҳаларда кенг қамровли иштирок этишининг ҳуқуқий кафолати белгиланганидан далолат беради.

Хотин-қизлар ҳуқуқ ва эркинларини қонун талаби асосида таъминлаш муаммоси турли омилларга, жумладан, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлангани, умумий маданият, фуқаролик жамиятининг шаклланиш даражасига боғлиқ. Гендер муаммосини ҳал этиш учун давлат ва жамиятнинг биргаликдаги куч-ғайрати талаб қилинади. Яъни гендер тенглиги давлатнинг ҳимоя сиёсати ҳамда хотин-қизларнинг ташаббуси орқали амалга оширилиши мумкин. Бу эса, келажакда сиёсий фаол, ҳуқуқий билимга эга, фуқаролик жамияти қуришга камарбаста фаол аёллар сафини янада кенгайтириш имконини беради.

Янгиланаётган Ўзбекистонда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги фаоллигини оширишга қаратилган хотин-қизларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бунинг исботидир.

Хадича Рахимова,Сурхондарё вилоят маъмурий суди судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan