ЖАМИЯТ

“Суд амалиётида гендер ёндашуви”

2022 йил 13-14 июль кунлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида “Суд амалиётида гендер ёндашуви” мавзусида тренинг ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий Кенгаши Ҳузуридаги Судьялар Олий Мактаби ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирнинг мақсади суд тизимида аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш соҳасида ваколатли шахсларнинг салоҳиятини оширишдан иборат.

Тренерлар -гендер тенглиги, ижтимоий-иқтисодий таҳлил бўйича мутахассис Нигар Гаппарова ҳамда USAIDнинг “Ўзбекистонда суд тизимини мустаҳкамлаш” дастурининг гендер ва ижтимоий тенглик бўйича мутахассиси Малика Инакова.

Тадбир дастури доирасида қуйидаги масалалар махсус машғулотлар ва интерфаол ўйинларни қўллаган ҳолда атрофлича ўрганилди:

1.      Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари. Инсон қадр-қиммати. Инсон ҳуқуқлари тамойиллари.

2.      Дискриминация тушунчаси. Турлари, намоён бўлиши, шарт-шароитлари ва оқибатлари.

3.      Гендер стереотиплари.

4.      Аёллар ҳуқуқлари. Гендер тенглиги.

5.      Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гендер тенглигини рағбатлантириш воситалари. Халқаро ва миллий ҳуқуқий ҳужжатлар.

6.      Ўзбекистоннинг гендер қонунчилиги. “Аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятларининг кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар.

7.      Суд тизимида гендер тенглиги бўйича ваколатли шахснинг вазифалари.

8.      Жамиятда гендер тенглигини таъминлаш ва зўравонликдан ҳимоя қилишда суд ҳокимиятининг ўрни.

Икки кунлик машғулотлар давомида урғу берилгандек, 2019 йилда дискриминация ёки тазйиққа учраганда судга мурожаат қилишни кўзда тутадиган Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида» ҳамда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунлари қабул қилинди.

Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётнинг барча босқичларида хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш жамиятда тинчлик ва иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашнинг асосий омилларидан бирилиги инобатга олган ҳолда 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Эътиборлиси, ушбу стратегиянинг барча йўналишлари БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ равишда шакллантирилган.

Тренинг жараёнида амалиётда аёллар иштирокидаги суд ишларида гендер масалалари таҳлил қилинди ва мазкур йўналишда судьяларнинг амалий кўникмалари мустаҳкамланди.

Тадбир фаол фикр алмашиш шаклида ўтиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.

Асқар Мамараимов

Шеробод туманлараро иқтисодий суди раиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan