ЎЗБЕКИСТОН

Қирғизистон президенти Қорақалпоғистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича кўрилган чораларни қўллаб-қувватлади

Шавкат Мирзиёев 4-июл куни Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон—Қирғизистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларининг кенг кўламли кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинган. Президент Садир Жапаров Қорақалпоғистондаги вазиятни беқарорлаштиришга уринишларга чек қўйиш мақсадида Ўзбекистон раҳбари томонидан кўрилган қатъий чораларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган. Бошқа давлатнинг ички ишларига аралашишга йўл қўйиб бўлмаслиги алоҳида таъкидланган.

Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари бўлажак олий даражадаги икки ва кўп томонлама учрашувлар режасини, шу жумладан, Чўлпонота шаҳрида ўтказиладиган Марказий Осиё мамлакатлари саммитига тайёргарлик масалаларини кўриб чиққан. Яқин орада муҳим йўналишлардаги келишувларни илгари суришга қаратилган қатор қўшма тадбирларни ўтказишга келишиб олинган.

Томонлар минтақавий транспорт йўлаклари ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги йирик инфратузилмавий лойиҳаларни ишлаб чиқишни жадаллаштиришдан манфаатдор эканини таъкидлаган.

Қирғизистон Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, Садир Жапаров қатъий ва келишилган ҳаракатлар туфайли Қорақалпоғистонда вазиятнинг нормаллашишини таъминлаш ва унинг янада кескинлашишига йўл қўймаслик мумкин бўлганини таъкидлаган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan