МУЛОҲАЗА

Бош қомусимиз янада такомиллаштирилмоқда

Бугун юртимизда муҳим жараён – конституциявий ислоҳотларни амалга оширишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Фуқароларнинг таклифлари, фикр-мулоҳазалари ўрганилиб, Бош қомусимизни такомиллаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини эълон қилди.

Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошқарув аппарати ходимлари, барча туман бўлим бошлиқлари ва давлат инспекторлари, Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати, Агрокимёвий таҳлил маркази Сурхондарё филиали, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти вилоят филиали аъзолари қатнашган йиғилишда айнан шу мавзуда сўз борди.  Кун тартибига киритилган масалалар юзасидан Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосари А. Абсаматов маърузаси тингланди.

Таъкидлаш муҳимки, лойиҳада асосий қонуннинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритиш ҳамда 16 та нормани ўз ичига олган 6 та янги модда (прим-моддалар) қўшиш таклиф этилаётир. Ушбу ҳуқуқий хужжатнинг  аҳамияти юзасидан Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари А.Мардонов, бошқарма бош юрисконсульти О.Имамовлар ҳам ўз фикр – мулоҳазларини билдирди.

Дарҳақиқат, бош қомусимиз  келажагимиз кафолати ҳисобланади. Конституциямизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларда инсон ва унинг манфаатлари, қадри ва шаъни улуғ эканлиги нормаларда яна бир карра ифода этилмоқда. Қонун лойиҳаси билан танишар эканмиз, қуйидаги  моддалар соҳа вакилларига тушунтирилди.

Жумладан:

1-моддадаги “Ўзбекистон – суверен демократик республика” жумласини қуйидагича ўзгартириш таклиф этилмоқда: Ўзбекистон – суверен республика, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий, демократик давлат.  1-модда ўзгаргач, уни бошқа ҳеч қачон ўзгартирмаслик белгиланмоқда. Бунинг учун 127-моддага (бу моддада Конституцияни ўзгартириш принциплари ёзилган) қуйидагича иккинчи қисм қўшилади: Ушбу Конституция 1-моддасининг ва ушбу моддаси иккинчи қисмининг қоидалари қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас.

13-модда кенгайтирилиб, унга хусусан қуйидаги қоидалар қўшилиши кутиляпти. Инсонга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси давлат органи томонидан кўзланадиган қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги керак. Инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонунчиликда юзага келадиган, бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади.

15-модда қуйидагича норма билан тўлдириляпти. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси олий юридик кучга эга бўлиб, тўғридан тўғри амал қилади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида қўлланилади.

16-моддадаги: “Мазкур Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас” деган қоида кенгайтирилмоқда. Ушбу Конституциянинг бирорта қоидаси инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқ ва манфаатларига, ушбу Конституциянинг биринчи бўлимида назарда тутилган асосий принципларга ва қоидаларга зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас.

17-модданинг биринчи қисми амалдаги таҳрири бундай: “Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади”. Мазкур модданинг юқоридаги биринчи қисми ўрнига қуйидагича биринчи ва иккинчи қисмларни киритиш таклиф этиляпти. Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш, давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади. Ўзбекистон барча давлатлар билан дўстона ва тинчликсеварлик ташқи сиёсат олиб боради.  Амалдаги 17-модданинг қуйидагича иккинчи қисми ўзгармай қолади ва учинчи қисмга айланади: “Республика давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ва улардан ажралиб чиқиши мумкин”.

20-моддагаинсон ҳуқуқларининг чекланишини тийиб туришга оид қуйидагича норма қўшиляпти. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонун билан ва бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек жамоат хавфсизлигини ва тартибини таъминлаш учун зарур бўлган доирада чекланиши мумкин.

22-моддагақуйидагича янги қоидалар киритилмоқда. Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши мумкин эмас. Давлат хорижда яшаётган фуқаролар ва ватандошлар билан алоқаларнинг сақланиб қолиши ҳамда ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.

24-моддага киритилаётган янги жумла: Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланиши ва 25-моддага жиноят қонунчилигига оид нормалар қўшилаётганлиги  ҳақида атрофлича сўз борди.

Бошқарма томонидан ташкил этилган йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тўлалигича ўрганилди. Унда  энг аввало инсон қадр-қиммати, шахс дахлсизлиги, унинг мол-мулки дахлсизлиги бош масала этиб кўтарилганлиги инобатга олиниб, қонун лойиҳаси бир овоздан маъқул деб топилди.

Шунингдек,  Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси барча ходимларига қонун лойиҳаси мазмун-моҳияти тўғрисида ўзлари яшаш жойларида, маҳаллаларда, иш юзасидан борадиган ташкилот, идораларда тушунтириш ва  тарғибот ишлари олиб бориши ва қонун лойиҳаси муҳокамасида  фаол иштирок этишлари таъминлаш вазифаси юклатилди.

Бир сўз билан айтганда, Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар «инсон-жамият-давлат» принципига асосланган бўлиб, миллий Конституциявий ўзликни акс эттиради ва амалдаги Конституциянинг барча бўлимларига туб ўзгартиришлар киритишни назарда тутади.

Даврон Тангиров,  Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan