Uncategorized

“Инсон қадри” деган эзгу тамойил бугун газ таъминоти соҳасида ўз аксини топмоқда

Инсон қадри учун! Ўзи бир жумла, аммо унда олам-олам маъно мужассам. Эшитганда дил яйраб, инсонга хуш кайфият ҳам бағишлай олади. Айтилишида нақадар самимий, осон бўлиши мумкин аммо, бу тамойилни амалда кўрсата олиш, жамиятда инсоннинг қадрини чин маънода улуғлаш, унга эҳтиром кўрсатиш учун жуда кўп ишлар қилиш, катта фидоийлик кўрсатиш, керак бўлса, ҳузур ҳаловатдан кечишга тўғри келади. Давлатимиз раҳбари юртимиз фаровонлиги, халқимиз манфаати ва эртанги келажак равнақи учун мана шундай оғир ҳамда масъулиятли вазифани ўз зиммасига олди. Жорий йилнинг “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” дея номланиши ҳам барча юртдошларимиз томонидан илиқ кутиб олинди. Боиси Президентимизнинг “Энди барча ислоҳотларни маҳалладан бошлаймиз”,  деган ташаббусларнинг амалий ифодаси сифатида бошланган эзгу ишлар одамларнинг ҳаёт тарзини яхшилашга катта туртки бўлмоқда.

Инсон қадри баланд бўлиши учун пойдевори мустаҳкам ислоҳотлар зарур ва бу борада юртимизда аллақачон амалий ишлар бошланди. “Инсон қадри” деган эзгу тамойил бугун газ таъминоти соҳасида ўз аксини топмоқда. “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали ходимлари томонидан қанчалик машаққатли бўлмасин ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам вилоятининг 40 дан ортиқ олис, тоғли ва чегара ҳудудларига ўз вақтида суюлтирилган газ баллонлар етказиб берилмоқда.

Очиғини айтганда, ишимиз юзасидан воҳанинг турли ҳудудларида бўламиз, содда ва самимий одамлар билан суҳбатлашамиз. Уларнинг ҳаётию, ҳавосидан баҳра оламиз. Айниқса, газ баллон ортилган автомашина келганда ана шу олис ҳудудларда яшаётган ҳамюртларимизнинг қувончини кўриб қалбан қанчалик яқин эканлигимизни ҳис қиламиз. Шундай олис қишлоқлардан бири Олтинсойнинг Вахшиворию, Сариосиёнинг Сангардаги. Бу ҳудудлар вилоят марказидан 250-270 км узоқ масофада жойлашган.

-Мен 12 йилдан бери шу соҳада ишлайман. Туманимиздаги қишлоқларнинг масофаси бир-биридан узоқда жойлашган. Асосий қисми тоғ ва адирлардан иборат. Ушбу қишлоқларга ходимларимиз билан бирга суюлтирилган газ баллонлари олиб борганимизда, аҳолини кайфиятига, уларнинг сўзларига эътибор бераман. Газ таъминотидан розилигини сезсам, меҳнатимиз бесамар кетмаётганлигини англаб, ич-ичимдан мамнун бўламан. Авваллари чекка ҳудудларга газ етиб бормасди. Бугунги кунда мазкур муаммо бартараф этилиб, ҳозирда энг олис ҳудудларда ҳам таъминот узлуксизлигида муаммо бўлмайди. 40-45 кунда газ баллонлари етказиш йўлга қўйилган бўлиб, ҳозирда бир кунда ўртача 21 тонна 600 кг суюлтирилган газ тарқатилмоқда, – дейди бўлим мутахассиси Хусан Маматқобилов.

Хўш, тоғликларнинг турмуши қандай? Ёзнинг жазирамасида ҳали ҳам аёллар ўтин ёриб, қозон қайнатишяптими? Суюлтирилган газ баллонлар вақтида етказиляптими? Шундай ўй-хаёллар билан тоғлар бағрида жойлашган қишлоқлар сари йўл олдик. Бу галги сафаримизда ҳам жуда кўплаб самимий инсонлар билан танишдик. Узоққа бормайлик. Бундан бир неча йил олдин биз йўлга отланган қишлоқлар аҳолисидан ҳол-аҳвол сўраш учун биронта хизмат кўрсатувчи ташкилот вакиллари борармиди? Турмушингиз қандай кечяпти, чироғингиз ёниқми, қора қозонни қайнатиш учун шароитингиз борми, дея сўрармиди? Йўқ! Бизнинг ёдимизда қолгани – аҳён-аҳёнда фалон тоғли қишлоқдан фалон киши арча кесиб, қўлга тушибди. Табиатга катта зарар етказиб, жаримага тортилибди, деган хабарларни эшитар ёки ўқиб қолар эдик. Чунки, ўша пайтда тоғли қишлоқлар аҳолиси учун ёқилғи масаласида ҳам ҳозиргидек шароит, имконият йўқ эди. Бугун эса одамларнинг ҳаёт тарзи, дунёқараши ўзгарди. Олис қишлоқларга ҳам инфратизим шаклланмоқда.

-Бундан 5-6 йил илгари қишлоғимизда умуман газ йўқ эди. Овқат пишириш ва чой қайнатиш учун тоғларга чиқиб, ўтин териб келардик. Аёлларимиз ҳар кун ўчоқ ёқиб овора бўлишарди. Шукурки, ҳозир бундан муаммолар йўқ. Қишлоғимиз тоғлар билан ўралган. Қиш фаслида шаҳарга чиқиш қийин. Айниқса, қор ёққан пайтлари умуман ўтиб бўлмайди. Йўллар музлаб қолади. Шундай машаққатли бўлишига қарамасдан, газ ходимлари бизга ўз вақтида суюлтирилган газ баллонларини олиб келишмоқда. Биз тоғликлар бундан жуда мамнунмиз, – дейди “Вахшивор”  қишлоғи фуқароси Бозор Муслимов.

Дарҳақиқат, инсон ҳаётда муносиб яшаши учун зарур бўлган бирламчи ва энг муҳим ҳаётий эҳтиёжларининг тўкислиги, албатта, келгусидаги катта режалар, орзу истакларнинг рўёбга чиқишига замин яратади. Ҳаётга татбиқ этилаётган ҳар бир ислоҳотни бугун сурхондарёликлар ҳам кўриб-билиб, ҳис этиб турибди. Чунки, инсон ва унинг қадр-қимматини юксалтириш борасида очиқлик ҳамда шаффофликка асосланган ислоҳотлар, янгиланишлар нафаси кириб бормаган бирорта соҳа ва тармоқ, шаҳар ва туман, қишлоқ ва маҳалла қолмади. Ана шу ислоҳотларга уйғун тарзда “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилди ва у узлуксиз такомиллаштирилаяпти. Аҳолини қийнаётган муаммолар халқ ичига чуқур кириб борилгандагина яхши билинади. Давлат идораларининг бевосита биринчи раҳбарлари энг оғир, энг чекка ва энг олис ҳудудларга чиққан ҳолда, маҳаллама-маҳалла, қишлоқма-қишлоқ, кўчама-кўча, уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганаётгани ўз амалий самарасини бермоқда. Халқ билан бундай мулоқот нафақат мурожаатларни тинглаш, балки аҳолининг кундалик ҳаёти билан танишиш, масалаларни жойида бартараф этишга қаратилганлиги билан ҳам жуда аҳамиятли.

Вахшивор ва Сангардаклик одамлар дилкаш, самимий ва меҳмондўст. Йилнинг қайси фаслида борсангиз ҳам қучоқ очиб кутиб олишади. Бугунги ислоҳот ва ўзгаришлар ушбу тоғли ҳудудлардаги 2 мингдан зиёд хонадонга ҳам кириб борди. Бу ўз навбатида қишлоқларни ҳам суюлтирилган газ билан таъминлаш имкониятини яратди.

Осмонўпар тоғлар қўйнидаги бу гўшаларга тепаликка қараб кетган қия, тор, жарликлардан иборат йўллар орқали борилади. Олтинсой ва Сариосиё газ таъминоти бўлими ходимлари ана шундай мураккаб йўлни босиб, махсус  “Камаз” ва “МАН” русумли автотранспорт воситалари билан аҳолига ўз вақтида суюлтирилган маиший газ баллонларини етказиб бермоқда. Чош, Карш, Нилу, Ҳуфар ва Кундаижувоз қишлоқлари Сарисиоё туманида жойлашган бўлиб, туманга бориш учун Термиз шаҳри, Жарқурғон, Қумқўрғон, Шўрчи ва  Денов туманларидан ўтиб уч соатлик йўл босиб ўтиш керак бўлади. Сариосиё туманига келгач Чош, Карш, Нилу, Ҳуфар ва Кундаижувоз қишлоқларига етиш учун яна 80-150 км йўл босиб ўтилади. Бу ҳудудларга суюлтирилган газ баллонларни қишнинг қировли кунида ҳам, жазирама ёзда ўз вақтида етказиб берилмоқда.

– Ҳар гал газ баллон олган истеъмолчиларнинг кўзидаг қувончни  кўрганимда, барча чарчоқларимни унутаман, – дейди “Сариосиётумангаз” газ таъминоти бўлими ҳайдовчиси. Кўп ҳолларда тоғли қишлоқлардан ярим тунда қайтишга тўғри келади. Аммо хафа бўлмаймиз, аксинча, олис ва чекка ҳудудларга ҳам йил ўн икки ой бирдек эътибор қаратиш бошланганидан фахрланамиз.

Газ таъминоти идораси ходимлари яқин қадрдондек бўлиб қолган истеъмолчиларига суюлтирилган газ баллонларини тарқатаётган вақтда уларнинг айримлари билан суҳбатлашдик. Яшаш шароитлари, кечаги ҳаёт билан бугунги турмушининг фарқи, тоғ одамларининг кайфияти билан  қизиқдик.

– Турмушимиз йилдан-йилга ўзгариб, ҳаётимиз ўзгача мазмун билан бойимоқда, – дейди Вахшивор қишлоғида яшовчи ҳамюртимиз. – Масалан, бундан 5 йиллар илгари қишлоғимизни суюлтирилган газ билан таъминлашни умуман ҳаёлимизга келтиролмас эдик. Овқат пишириш, чой қайнатиш учун ҳам тоғларга чиқиб, ўтин йиғар эдик.  Қишнинг совуқ кунларида аёлларимиз ҳар кун ўчоқ ёқиш билан овора бўлар эди. Буни қарангки, баллон газ, дегани ҳузури жон экан. Қишнинг куни ҳам овқат тайёрлаш ёки чой қайнатишни ўйлаб ўтирмаймиз. Энди тоғ арчалари ҳам кесилмаяпти. Чунки, бунга эҳтиёж сезмаяпмиз. Табиатга ҳам озор берилмаяпти. Узлуксиз равишда суюлтирилган газ етказилаётгани эса уларнинг қувончига қувонч қўшмоқда.

Олтинсойнинг асосий ҳудуди тоғ ва адирликлардан иборат. Аҳоли пунктларининг масофаси ҳам бири-биридан узоқда жойлашган. Очиғини айтиш керак, авваллари чекка ҳудудларга суюлтирилган газ етиб бормас эди. Эндиликда бу муаммо тўлиқ бартараф этилиб, олис ва чекка қишлоқларни ҳам суюлтирилган газ билан таъминлаш йўлга қўйилди. Таъминотда ҳам муаммо йўқ. Тоғли «Вахшивор» маҳалласида 1000 дан ортиқ газ истеъмолчилари бор. Уларга соҳа ходимлари томонидан тасдиқланган режа-график асосида ҳар 40-45 кун муддатда газ баллонлар етказиб берилмоқда. Ушбу маҳалла вилоят марказидан 200 км узоқликда жойлашган бўлишига қарамасдан.

Эътироф этиш жоиз, йилдан-йилга аҳолига яратилаётган шароитлар кўлами кенгаймоқда. Соҳадаги ўзгаришлар шиддат билан ошмоқда. Масалан, авваллари истеъмолчи хонадонларига газ баллонларини олиб борадиган махсус аравалар йўқ эди. Бугун бундай улов турининг ташкил қилиниши фуқароларимиз билан бирга соҳа ходимлари учун ҳам қулай. Шундай ҳудудлар борки, бу жойларга маиший газ балонни араваларда олиб бориш ҳам имконсиз. Бундай вақтда соҳа ходимлари баллонларни қўлларида кўтариб олиб кириб, ўрнатиб беришади.

Аминмизки,  халқнинг розилигига йўналтирилган бу каби амалий тадбирлар албатта  фаровон турмушимизда ўз аксини топади. Ислоҳотлардан кўзланган мақсад муддао ҳам шу аслида.

Азиз Машрабов, «Ҳудудгаз Сурхондарё» газ таъминоти филиали Ахборот хизмати раҳбари

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan