Uncategorized

Бадиий гимнастика: қизларимиз гуруҳ машқида тенгсиз, бунақаси тарихда бўлмаган

Шу кунларда Тошкентда бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубогининг иккинчи босқич мусобақалари бўлиб ўтмоқда. Токио-2020 Олимпия ўйинларига қимматли рейтинг очколарини тақдим этувчи ушбу мусобақада сайёрамизнинг энг кучли гимнастикачилари иштирок этишмоқда.

Қувонарлиси, мусобақа доирасида ўзбекистонлик қизлар тарихда биринчи маротаба гуруҳ машқларининг кўпкураш йўналишида ғолибликни қўлга киритишди. Бунақаси юртимиз тарихида кузатилмаган эди.

Екатерина Пирожкова бошчилигидаги Нилуфар Шомуродова, Динара Равшанбекова, Ксения Александрова, Севара Сафоева ҳамда Камола Ирназаровадан иборат терма жамоамиз дастлаб 5та тўп билан бажарилган машқда 41.25 балл, 3та ҳалқа ва 2та булавада бажарилган машқда эса 35.15, жами 76.40 очко жамғарди. Бу натижа жамоамизга энг яқин таъқибчисини сезиларли фарқ билан ортда қолдиришига замин яратди ва шу тариқа қизларимиз Жаҳон кубогининг олтин медалига сазовор бўлишди. Исроил терма жамоаси ушбу йўналишда 2-ўринни қўлга киритган бўлса, бронза медали беларуслик қизларга насиб этди.

Бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги (Тошкент)

Кўпкураш бўйича гуруҳ машқи

1. Ўзбекистон – 76.40

2. Исроил – 73.55

3. Беларусь – 72.25

Бугун ўтказилаётган яккалик баҳслари финалида ҳамюртларимиздан Сабина Ташкенбаева ҳалқа, тўп ва тасмадаги машқларда медаллар учун курашаётган бўлса, Екатерина Фетисова тўп билан машқда ўз маҳоратини намойиш этмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan