САЛОМАТЛИК

Антибиотиклар: дўстми ё душман?

Вируслар ҳужайра қатламлари ичида бўлиб, антибиотиклардан ҳимояланган бўлади. Бактериялар эса бундай қатламларга эга эмас, шунинг учун улар антибиотиклардан ҳимояланган бўлмайди.

Кўпчилик, антибиотиклар ҳар қандай касалликни даволай олади, деб ўйлайди. Аслида эса, антибиотиклар фақатгина 10-20% инфекцияларни даволай олади, холос. Чунки, аксарият инфекцияларни бактерия ёки вируслар қўзғатади.

Антибиотиклар эса фақат бактериялардан келиб чиққан инфекцияларга қарши даво бўлади, холос. Бактериал инфекциялар ва вирусли инфекциялар ҳар хил касаллик ҳисобланади ва шунинг учун уларни даволаш ҳам ҳар хил бўлади.

Антибиотиклар бактерияларни ўлдирувчи дорилардир. Улар шифокор тавсиясига риоя қилган ҳолда, тегишли касалликни (бактериал инфекцияни) даволаш мақсадида қабул қилинса, самара беради. Ҳар хил бактериялар ҳар хил антибиотикларга сезувчан бўлади, шунинг учун антибиотик бактерия турига қараб белгиланиши лозим. Лекин антибиотиклар кўплаб касалликларга даво бўла олмайди, шу жумладан вируслардан келиб чиққан шамоллаш, грипп, сувчечак ва қизамиқ каби касалликларни даволай олмайди. Одамлар кўп ҳолларда шифокор билан маслаҳатлашмасдан туриб, турли сабабларга кўра антибиотикларни қабул қиладилар, масалан, диарея (ичкетар) бўлганда левомицетин ёки тетрациклин, шамоллаш ва грипп ҳолларида ампициллин ёки пенициллин, буйрак ва бел оғриғига қарши гентамицин ва ҳ.к.ларни қабул қиладилар. Ваҳоланки, бу ҳолларда антибиотиклар умуман фойдасиз бўлиб, аксинча бемор аҳволини янада оғирлаштириши мумкин.

ТАЙИНЛАНГАН АНТИБИОТИКЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ
Агар шифокор сизга антибиотикларни ёзиб берса, даволанишни албатта охиригача етказинг. Антибиотикларни қабул қилишни бошлагандан бир неча кун ўтиб, ўзингизни яхши ҳис қила бошлашингиз мумкин, лекин сизга тайинланган дориларнинг ҳаммасини қабул қилишингиз лозим. Акс ҳолда касаллик такрорланиши мумкин. Касаллик такрорланганда уни даволаш қийинроқ бўлади. Чунки дастлабки даволаниш давомида сақланиб қолган бактериялар кучли бўлиб, антибиотик таъсирига чидамли бўлиб қолади.

Агар шифокор сизга антибиотик тайинласа, даволанишни албатта охиригача етказинг.
Эсингизда тутинг, антибиотик қабул қилганда қуйидаги салбий таъсирларни кузатишингиз мумкин:

Баъзи енгил салбий таъсирлар:
• Кўнгил айниши
• Ичкетар
• Ошқозон фаолиятининг бузилиши
• Қуёш нурларига таъсирчанликнинг ошиши Жиддийроқ салбий таъсирлар:
• Аллергия, масалан, тошмалар
• Тана аъзоларининг шишиб кетиши
• Болаларда карлик
• Болаларда тишларнинг сарғайиши

Антибиотикларни қандай қабул қилиш бўйича шифокор билан маслаҳатлашсангиз, салбий таъсирларнинг кўпини олдини олишингиз мумкин. Баъзи антибиотиклар, кўнгил айниши ёки ошқозон фаолияти бузилишининг олдини олиш учун овқат маҳали қабул қилиниши лозим. Бундан ташқари, ўтмишда сизда бирор бир антибиотикка аллергия бўлган бўлса, буни албатта шифокорга айтинг. Шифокор аллергия келтириб чиқармайдиган, бир хилда самарали бўлган бошқа антибиотикни тавсия қилиши мумкин.