ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Тўйда келинчакни урган куёв келиннинг илтимоси сабаб жавобгарликдан қутулиб қолди:

Муштумзўр эр хотинидан узр сўраганини айтиб, бошқа бундай қилмасликка сўз берди. Келиннинг онасига кўра, қуда томон ҳам кечирим сўраган. Она қизи билан қўнғироқлашиб тургани, у яхши яшаётганини айтди.

Фото: «Марказий студия» эфиридан кадр
Тўй базмида ўтказилган ўйинда ютқазиб қўйгач, мағлубиятга чидай олмай келиннинг бошига урган муштумзўр куёв умр йўлдошидан узр сўрагани айтилмоқда.
“Ўзимни тутиб туролмай қўлим кетиб қолди. Тушунмовчилик ҳал бўлгандан кейин тўй давом этди. Келиндан узр сўрадим. Бошқа бундай бўлмайди”, дея зўравон куёвнинг сўзларини “Менинг юртим” телеканали.

Телесюжетда йигит ва қиз бир йил давомида аҳд-у паймон қилиб юргани ҳақида сўз боради.

Интернетда тарқалган видеода калтак еган келиннинг олдига бир аёл яқинлашгани ва аёллар саҳнани тарк этгани кўринганди. Бу аёл келиннинг онаси бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахмин ўз тасдиғини топди. Она “Менинг юртим” телеканалига берган интервюсида куёвнинг қариндошлари узр сўрагач, тўй давом этганини, қизи билан қўнғироқлашиб тургани, яхши яшашаётганини айтган.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Сурхондарё вилояти бошқармаси ҳам ўша куни тўй охиригача давом этгани ва бошқа кўнгилсизлик содир бўлмаганини маълум қилганди. Қайд этилишича, тўйдан кейин ҳеч ким ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга рўй берган ҳолат бўйича мурожаат қилмаган.
Адлия вазирлиги ахборот хизмати Kun.uzъга берган маълумотга кўра, мазкур куёв-келин шу йил 10 май куни никоҳга кириш учун ариза берган, бироқ воқеа шов-шув бўлган кезда ФҲДЁ бўлимида ҳали уларнинг никоҳи қайд этилмаган. Маълум бўлишича, томонларнинг никоҳи 15 июн куни расмийлаштирилган ва уларга никоҳ тузилгани ҳақида гувоҳнома топширилган.

Бош прокуратура рўй берган ҳолат юзасидан Узун тумани ИИБ томонидан куёвга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан маъмурий иш қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун судга юборилганини маълум қилганди. “Менинг юртим” телеканалининг хабар беришича, иш суд томонидан кўриб чиқилган ва келиннинг аризаси асосида куёвга маъмурий жазо қўлланилмаган.
Аввалроқ Гендер тенгликни таъминлаш комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева воқеага муносабат билдириб, “агар бу ҳодиса сизни ва атрофингиздагиларни ғазаблантирган, ҳайратга солган бўлса, демак атрофингизда соғлом жамоа бор. Мабодо “аёл эркакка ён босиши шарт”, “ўзи айбдор, тили узун бўлса керак” каби гапларни эшитаётган бўлсангиз, мана бу ҳақиқий фалокатдир”, деганди.
Сурхондарёда кузатилган воқеадан кейин Сенатда махсус Ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, сенаторлар хотин-қизларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтиришни режалаштирмоқда. Қолаверса, йигит ва қизларни тўйдан олдин Оила марказларидаги машғулот ва давра суҳбатларига жалб этиш таклифи билдирилган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan