СИЁСАТ

“Инсон ҳуқуқларини чеклаш мумкин, қачонки…” — конституцияни ўзгартириш бўйича қандай таклифлар маъқулланди?

Бугун Конституциявий комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Икки соатдан кўпроқ вақт давом этган йиғилишда ўтган вақт мобайнида йиғилган ҳисобот тингланди, янги таклифлар муҳокама қилинди. Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов бошчилигида ўтказилган йиғилиш “Ўзбекистон“ ва “UzReport“ телеканаллари ҳамда комиссиянинг Facebook’даги расмий саҳифаси орқали жонли эфирда узатилди.

Йиғилишда Йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи раҳбари Мирафзал Миракулов ўган вақт ичида таклифлар юзасидан маълумот берди. “Келиб тушган таклифлар таҳлил этилиб, дунё конституциялари ўрганилганидан сўнг, биз умумий келишувга эришдик ва 41 та ғоя юридик жиҳатдан расмийлаштирилиб, норма ҳолатига келтирилди. Натижада, Конституциямизнинг жами 24 та моддаси билан боғлиқ нормалар шакллантирилди”, – деди Мирафзал Миракулов.

Акмал Саидов фуқаролар ёки жамоавий юборилан ҳар бир мурожаат эътибордан четда қолмаслигини таъкидлаб, таклиф берувчиларнинг рўйхати шакллантирилишига кўрсатма берди.

“Шу ўринда бир жиҳатга эътибор қаратишингизни сўрар эдим. Имкон қадар кимдан таклиф тушганига аҳамият берсак. Исмсиз бола бўлмаганидек, таклифнинг ҳам муаллифи бўлади. Битта таклиф ўнта, юзта фуқаро томонидан киритилган бўлиши мумкин, аноним келаётган таклифлар ҳам бор. Ғоя, фикр тўғри бўлса, бирортасини четда қолдирмаймиз. Келгусида таклиф киритган фуқароларнинг рўйхатини шакллантириб борсак, бундан ташқари, жамоавий қилинган таклифларнинг ҳам (Давлат ва ҳуқуқ институти, Тошкент давлат юридик университети, ) эгасини кўрсатсак, қизиқиш юқори бўлади. Умуман, таклиф берганларнинг бирортасини эсдан чиқариш керак эмас. Тўғри, таклифлар орасида мавзуга алоқадор бўлмаган шахсий илтимослар, шикоятлар ҳам келиб тушяпти. Улар билан ҳам Йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи алоҳида шуғулланяпти”, дея фикр билдирди Акмал Саидов.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, Конституциявий комиссия аъзоси Гулноза Исмоилова Конституциянинг 20-моддасини тўлдириш билан боғлиқ иккита янги таклифни муҳокамага қўйди. Қуйида бунга атрофлича тўхталамиз:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 20-модда:

Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.

Таклиф этилаётган вариант:

20-модда:

Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмасликлари шарт.

Инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонун асосида, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида ва бунинг учун зарур бўлган доирада мутаносиб равишда чекланиши мумкин.

Эътибор қаратсангиз, модданинг биринчи қисмида давлат ва жамият сўзлари ўрин алмашган, яъни жамият сўзи давлатдан олдин ёзилган. Бунда энг аввало, бирламчи жамият, сўнг давлат ҳуқуқи таъминланиши кўзда тутилган.

20-моддага иккинчи қисм сифатида таклиф этилаётган таркиб шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари чекланиши мумкин бўлган ҳолат баён этилган. Бунда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари чекланиш чегараси белгиланади. “Шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари мутлақ бўлиши, чекланмаслиги мумкин эмас. Ҳар бир шахс бошқа шахслар, жамият ва давлат олдида мажбуриятга эга”, деган мазмун билан изоҳланди.

Таклиф комиссия аъзолари томонидан бир овозда маъқулланди. Бундан ташқари, йиғилишда 16, 49, 25, 39, 77, 65, 116, 105 ва бошқа моддалар бўйича қатор таклифлар ҳам муҳокама қилинди.

Айни кунларда Конституцияни такомиллаштириш бўйича блогерларнинг ҳам фаоллигини сезиш мумкин. Бир неча кун аввал ҳуқуқшунос-блогер Баҳодир Аҳмедов ўзининг телеграм каналида Бош қомусимиз бўйича ўзгартириш бўйича таклифларини баён қилди.

Конституцияга ўзгартириш киритиш ҳақида айтилганида бошида бунчалик фаол бўлишни одамлардан кутмагандим. Кўпчилик бунга бефарқ эмас. Юрист, иқтисодчи дўстларим билан гаплашсам аксариятида маълум таклифлар бор. Халқимиз сиёсий лоқайд эмас.

Қисқача ўз таклифларимни билдирсам.

Янги даврда бизда тазйиқлар, терговдаги турли қийноқлар масаласида жиддий қадамлар ташланди. Энди шулар конституциявий мустаҳкамлаб қўйилса.

– Аввало, Конституцияда айблашга оид барча шубҳалар, уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган тақдирда, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозимлигини ёзиш керак. Ўртада қандайдир бўшлиқ юзага келиб қолса, бу доим юқоридаги шахсларнинг зиддига эмас, улар томонига тадбиқ этилиши лозим.

– Конституцияда ҳеч бир шахс қонунда белгиланган яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслигини белгилаш. Бу масалада турли босимлар бўлганини нега тан олмаслигимиз керак? Маълум вақт шундай ҳолатлар бизда юз бермадими? Олий қонунда булар ўз аксини топиши керак.

– Конституциянинг 20-моддасидаги “давлат ва жамиятнинг” сўзларини “инсон-жамият-давлат” принципидан келиб чиқиб, “жамият ва давлат” дея ўзгартириш керак.

Фаол бўлсангиз, жиддий ўзгаришлар остонасида турибмиз. Бўлмаса бу ўзгариш салмоғи кам бўлади.

Блогернинг “Конституциянинг 20-моддасидаги “давлат ва жамиятнинг” сўзларини “инсон-жамият-давлат” принципидан келиб чиқиб, “жамият ва давлат” дея ўзгартириш керак” деган таклифи бугунги йиғилишда маъқулланганини эътироф этиш керак.

Филолог-блогер Шаҳноза Соатова ҳам барчани фаолликка чорлаб: “Унутманг, бугуннинг ва эртанинг энг муҳим мавзуси шу! Эртага ҳамма қонунлар, тартибларнинг асоси шу конституция бўлади ва ҳар биримизнинг ҳаётимизга таъсир қилади! Жараён очиқ ва бамаслаҳат ташкиллаштирилаётган экан, бефарқ бўлмайлик”, – дея пост қолдирди.

Фуқаролардан қандай таклифлар келиб тушмоқда?

Бугунга қадар meningkonstitutsiyam.uz сайтига таяниб маълум қиладиган бўлсак, конституцияни ўзгартириш бўйича жами 14 минг 781 таклиф келиб тушган. Қуйида бир нечта қизиқ бўлган таклифлар ҳавола қилинади:

«Фуқаро» кўплик шаклидаги арабча сўз бўлиб, унинг бирлиги фақир, бировнинг ҳисобига яшайдиган, бир кунлик емишини ҳам топа олмайдиган шахс маъносини беради. Унинг луғавий маъноси ўзгаргани йўқ ва бу ҳолат биздек дунёга дарс бериб келган миллат учун кечирилмас хато ва уни тўғрилаш керак». Менинг таклифим «Фуқаро» сўзини «Ватандош» сўзига алмаштириш.

Ўзбек тилининг нуфузини кўтариш мақсадида фойдаланувчилар томонидан бир нечта таклиф киритилган, шулардан бири:

“Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тили бўлсада давлат идоралари ва ташкилотларида ҳали ҳам рус тилининг ўрни сақланиб қолмоқда ва айрим юқори лавозимларда ишловчи мансабдор шахслар ўзбек тилини билмаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Ўзбек тилининг нуфузини ошириш мақсадида , давлат идоралар ва ташкилотларга ишга қабул қилишда ўзбек тилини билиши ҳақдаги сертификат талаб қилинишини таклиф қиламан. Бу сертификатни берувчи ташкилот , ўзбек тилини билиш даражасини баҳоловчи мезонларни ишлаб чиқиши керак”.

Фуқаролардан бири 2008 йилда бекор қилинган ўлим жазосини тиклаш бўйича таклифини ёзиб қолдирган:

“Ўлим жазосини қайта тиклашни таклиф қиламан. Ҳозирда оғир жиноят содир этганлар ҳам ҳеч қанча вақт ўтмай қамоқдан қайтиб келишяпти. Адолат қарор топиши учун ўлим жазосини тиклаш ва «Оғир жиноят содир этсам мен ҳам ўламан» деган фикрни жиноят содир этишдан олдин пайдо бўлишига эришиш лозим”.

Яна бир фуқаро олийгоҳларга киришда имтиёзларни бекор қилишни таклиф қилган:

“Олийгоҳларга киришдаги барча имтиёзлар бекор қилинса яхши бўларди. Супер контракт, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари, Ҳарбийларнинг фарзандлари, Олимпиада ғолиблари ва ҳоказолар. Уларнинг аксарияти барибир ўқишни битиргани билан ишлай олишмайди. Фақат билимли абитуриентлар талаба бўлишсин. Етук кадрлар ва кучли мутахассислар келажакда албатта керак бўлади”.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan