ЎЗБЕКИСТОН

Сурхондарёда халқ таълими тизими энг коррупциялашган соҳалардан бири эканлиги қайд этилди


Бугун Сурхондарё вилоят Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг йиғилишида шу ҳақда сўз юритилди.

Таъкидланганидек, халқ таълими тизими вилоятда энг коррупциялашган соҳалардан бири бўлиб турибди. 

Биргина 2021 йилда тизимда фаолият юритган 27 нафар шахсга нисбатан 19 та жиноят иши судга юборилган. Хусусан, улар томонидан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, пора олиш каби жиноятлар содир этилган. Мазкур жиноятларга қўл урганларнинг барчаси туман ва шаҳар миқёсидаги халқ таълими бўлимларининг ходимлари ҳисобланади.

Бунинг сабаблари ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарияти, Миллий кенгаш аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда Ҳудудий кенгаш аъзолари иштирокида очиқ муҳокама қилинди. Жумладан, бу борада вилоят прокурори ҳамда халқ таълими тизими масъулларининг ахбороти эшитилди. 

Муҳокамалар жараёнида вилоятда бошқа соҳалардаги коррупцион жиноятлар таҳлилига ҳам эътибор қаратилди. Бу бежиз эмас – Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳар ойда ҳудудлар ва соҳалар кесимида юритиб келинаётган коррупция даражасини рейтинг баҳолаш натижасига кўра, Сурхондарё вилоятида коррупцияга оид жиноятларнинг сони ҳар ойда ортиб бораётганлиги тенденцияси кузатилмоқда. 

Жумладан, жорий йилнинг феврал ойида 18 та коррупциявий жиноят содир этилган бўлса, март ойида бу рақам қарийб икки баробарга ошиб, 32 тани ташкил этган  ва бу кўрсаткич билан вилоят март ойида энг кўп коррупциявий жиноят содир этилган 5 та ҳудуддан бири бўлган.

Шунингдек, февраль ойи рейтинг натижаларида вилоятда бюджет маблағларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари бўйича 16 та назорат объектида 6 млрд. 11 млн. сўм маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган. Натижада мазкур йўналишда вилоят республикада 2-ўринни эгаллаган.

Иштирокчилар бу каби қонунбузилиш ҳолатларининг келиб чиқиш сабаблари ва уларни бартараф этиш йўллари юзасидан ўзаро фикр алмашишди.  

Муҳокамалар якунида  халқ таълими тизимини коррупциядан холи қилиш ҳамда Ҳудудий кенгаш фаолиятини такомиллаштириш бўйича кўрилиши лозим бўлган аниқ, таъсирчан чоралар белгилаб олинди.  

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan