ЖАМИЯТ

Олтинсойда фермер хўжалик ерини сотаётган раҳбар қўлга тушди

Сурхондарёда ер ажратиб бермоқчи бўлган фермер хўжалиги раҳбари ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати маълум қилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Олтинсой туманидаги “Ж.М.” Фермер хўжалиги раҳбари Н.Д. фуқаро Х.М.нинг ишончига кириб уни алдаб, хўжаликка тегишли пахта ва ғалла маҳсулотлари етиштириш учун мўлжалланган 2,5 гектар ер майдонини, балиқхона ташкил этиш учун ажратиш ҳамда ушбу ерни танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 120 млн. сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Н.Д.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.