Тошкент шаҳар ҳокими қатъий огоҳлантирилди, Олтинкўл тумани ва Зарафшон шаҳри ҳокимлари ишдан олинди
Шавкат Мирзиёев: “Ҳали 40 фоиз маҳаллада ҳоким ёрдамчиларининг ишида натижа кўрингани йўқ. Мисол учун, 450 та маҳаллада ишсизлик даражаси 20 фоиздан юқори. Бундай маҳаллалар сони Тошкент вилоятида – 59 та, Фарғонада – 52 та, Андижонда – 45 тани ташкил этиб, қолган ҳудудлардан кўп”.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ҳокими, биринчи ўринбосари ва солиқ бошлиғи қатъий огоҳлантирилди. Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимлари 1-ўринбосарлари лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди.
Шунингдек:
➖ Олтинкўл тумани, Зарафшон шаҳри ҳокимлари;
➖ Бекобод, Оққўрғон, Косонсой, Нишон, Избоскан, Қўрғонтепа, Шовот, Тўрткўл, Томди, Тўрақўрғон, Қумқўрғон, Фарғона туманлари, Навоий, Каттақўрғон шаҳарлари ҳокимларининг 1-ўринбосарлари;
➖ Кармана, Фориш туманлари прокурорлари;
➖ Янгиер, Шаҳрисабз шаҳарлари, Фориш тумани ИИБ бошлиқлари;
➖ Нурота, Музработ, Шаҳрисабз, Мирзачўл туманлари солиқ бошлиқлари;
➖ республикадан 11 нафар вакил лавозимидан озод этилди.
Барча инфратузилмаси ва молиявий имкониятлари мавжуд бўла туриб, республика бўйича 12 та шаҳар ҳамда Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри ва Самарқанднинг 2 тадан туманидаги аксарият ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти “қониқарсиз” деб топилгани кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда Нукус, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Термиз, Гулистон, Фарғона, Марғилон, Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Бекобод шаҳарлари, Учтепа, Мирзо Улуғбек, Тошкент, Қибрай, Бўстонлиқ ва Ургут туманлари ҳокимларининг биринчи ўринбосарларини ҳам ишдан олишга кўрсатма берилди.
Ўзбекистонликлар тўрт тоифага ажратилди.
Президент раислигида видеоселектор йиғилишида ҳоким ёрдамчилари уч ой давомида 35,3 миллион аҳоли яшайдиган 6 миллион 900 минг хонадонни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни 4 та тоифага ажратгани таъкидланди. Булар:
➖ 11 фоизи — кам даромадли;
➖ 47 фоизи — доимий даромади бўлгани билан қўшимча даромадга эҳтиёжи бор;
➖ 6 фоизи — ижтимоий ҳимояга муҳтож;
➖ 36 фоизи — иқтисодий аҳволи яхши, ўзига тўқ оилалар ҳисобланади.