ЖАМИЯТ

2022 йил 1 декабрдан бошлаб жарима балларини ҳисоблаш тизими жорий этилади

Президентнинг «Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра:

Автомобиль йўллари инфратузилмасини такомиллаштириш ва уларнинг сифатини яхшилаш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг “пиёда – жамоат транспорти – велотранспорт – автотранспорт” устуворлиги асосида хавфсиз ҳаракатланиши учун ишончли шарт-шароитлар яратиш;

Ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимига инновацион педагогик технологияларни жорий қилган ҳолда, ўқув жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш;

Ҳайдовчи ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини ошириш, ҳар қандай қоидабузарлик учун жазо муқаррарлигини таъминлаш;

Йўл ҳаракати қоидалари асосларини болаликдан сингдиришни йўлга қўйиш, ушбу амалиётни мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларида жорий этиш;

Йўл ҳаракатини ташкил этишни тўлиқ рақамлаштириш, илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилган ҳолда, янги бошқарув ва назорат тизимларини татбиқ қилиш.

Йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш ҳамда уларни такроран бузиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида 2022 йил 1 декабрдан бошлаб қуйидаги тартибни назарда тутувчи ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими жорий этилмоқда:

Ҳар бир йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун 12 ой давомида алоҳида жарима баллари ҳисоблаб борилади;

Ҳисобланган жарима баллари белгиланган миқдордан ошган ҳолларда ҳайдовчи маълум муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан ўрнатилган тартибда маҳрум қилинади;

Муайян давр мобайнида йўл ҳаракати қоидабузарлиги содир этмаган ҳайдовчиларга кейинчалик ҳисобланган жарима балларини қисқартириш орқали рағбатлантириш чоралари қўлланилади.

Бир ой муддатда илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизимини жорий этишни назарда тутувчи қонунчилик ҳужжатлари тайёрланади.

Ҳайдовчиларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида шундай тартиб ўрнатиляптики, унга мувофиқ:

Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолиятини амалга оширувчи барча таълим муассасалари ва имтиҳон марказларига фаолиятни амалга ошириш учун лицензия Ички ишлар вазирлиги томонидан берилади;

Автомактабларнинг инновацион педагогик технологияларга асосланган ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, шунингдек, уларнинг ўқитувчи, ҳайдовчи-йўриқчи ва мураббийларини шартнома асосида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишлари Ички ишлар вазирлиги Академияси томонидан амалга оширилади.

Нукус ва Тошкент шаҳарлари, вилоятлар марказларида чорраҳаларни тўлиқ рақамли бошқарув тизимига ўтказиш бўйича шахсий масъулият Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимлари зиммасига юкланади;

Нукус ва Тошкент шаҳарлари, вилоятлар, туман (шаҳар)лар марказларида йўл белгилари, кўрсаткичлари ва светофорларни ўрнатиш, йўл чизиқларини чизиш, пиёдалар ўтиш жойларини белгилаш орқали йўл ҳаракати воситаларини тартибга солишга ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари масъул ҳисобланади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Х. Шерматов), Ички ишлар вазирлиги (П.Р. Бобожонов) билан биргаликда икки ой муддатда, шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида инвесторларни жалб қилган ҳолда, чорраҳаларда рақамли бошқарув тизимини қуйидаги даврларда жорий қилиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни белгилайди:

2023 йил якунига қадар пойтахтнинг барча чорраҳаларида, шунингдек, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларининг йирик асосий серқатнов чорраҳаларида, 2024 йил якунига қадар Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларининг барча чорраҳаларида рақамли бошқарув тизимини қуйидаги даврларда жорий қилиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар  амалга оширилади;

Транспорт ва пиёдалар оқими, пиёдалар билан боғлиқ содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларининг таҳлили асосида туманлар ва шаҳарлардаги аҳоли гавжум ҳудудларда пиёдалар ўтиш жойларига пиёдалар бошқарадиган светофорларни 2023 йил якунига қадар ўрнатилиши назарда тутилмоқда.

2022 йил 5 апрелдан бошлаб Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси ташкил этилади.

Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланади:

Йўл ҳаракатини ташкил этиш соҳасида ундириладиган айрим жарима, олинадиган йиғим ва тўловлар;

Эксплуатация-монтаж бўлинмалари учун ҳар йили бюджет параметрларида дастурлар асосида кўзда тутиладиган маблағлар;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларига депозит ҳисобрақамларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

Давлат, хорижий ва халқаро ташкилотлар томонидан ажратиладиган грантлар;

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик ва хайрия тарзидаги маблағлари;

Халқаро молиявий институтлар ва банклар томонидан ажратиладиган кредитлар;

Қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғарма маблағлари фақат қуйидагилар учун мақсадли сарфланади:

Йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситалари, уларнинг эҳтиёт қисмлари, ўрнатиш учун белгиланган конструкция ва қурилиш материаллари ҳамда махсус бўёқларини харид қилиш;

Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларида йўл чизиқларини чизиш, йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини ўрнатиш, алмаштириш, сақлаш, демонтаж қилиш ва уларга техник хизмат кўрсатишни молиялаштириш;

Эксплуатация-монтаж бўлинмаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан замонавий махсус техника воситалари билан таъминлаш, уларнинг ходимлари учун ҳар ойлик ва бир марталик рағбатлантириш тизимини жорий этиш;

Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш, йўл инфратузилмасини ривожлантириш йўналишидаги лойиҳаларни молиялаштириш;

Мактабгача таълим ҳамда халқ таълими вазирликларига қарашли мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим муассасаларининг тарбияланувчи ва ўқувчиларида йўл ҳаракати қоидалари бўйича бошланғич билимларни шакллантиришга қаратилган моддий-техник ва ўқув базасини яратиш, шунингдек, маҳаллаларда болаларга йўл ҳаракати қоидаларини амалий ўргатиш майдончаларига йўл белгиларини ўрнатиш ва йўл чизиқларини чизиш чора-тадбирларини молиялаштириш.

Автомобиль йўлларида ҳаракатни ташкил этиш, бошқариш ва хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида Бош вазир раислигида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссияси ва унинг ҳудудий махсус комиссиялари тузилмоқда.

Махсус комиссиялар зиммасига қуйидаги асосий вазифалар юкланади:

Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш, йўл инфратузилмасининг хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб беришини таъминлаш;

Ҳудудларда йўл ҳаракатини самарали ташкил этиш ҳолатини мунтазам равишда баҳолаб бориш, ушбу соҳада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг самарали фаолият кўрсатишини назорат қилиш;

Йўл-транспорт ҳодисалари сабабларини чуқур ўрганиш, йўлларнинг хавфли авария участкалари рўйхатини тасдиқлаш орқали келгусида уларнинг олдини олиш юзасидан илмий асослантирилган таклифлар тайёрлаш тизимини яратиш;

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, инсон омили ва коррупция ҳолатларини истисно этувчи автоматлаштирилган назорат тизимларини оммалаштиришга доир тадбирларни белгилаш;

Ҳудудларда йўл инфратузилмасини яхшилаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг сонини қисқартириш бўйича дастурлар лойиҳалари ишлаб чиқилишини ташкиллаштириш ва келишиш.

Республика махсус комиссиясига:

Ҳар чоракда давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишларни, мавжуд камчиликларни танқидий муҳокама қилиб борсин ва тегишли чоралар кўрилишини таъминлаш;

Ҳар йили маҳаллий ҳокимликларнинг ўз ҳудудларида автомобиль йўллари инфратузилмасини такомиллаштириш ва йўл-транспорт ҳодисаларини кескин камайтириш бўйича аниқ механизмларни назарда тутувчи манзилли чора-тадбирларини ўз ичига олган “йўл харита”ларини тасдиқлаб, уларнинг ижроси устидан қатъий назорат олиб бориш топширилмоқда.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари махсус комиссияларнинг ишчи органи ҳисобланади.

Ҳудудий махсус комиссиялар ҳар ойда йўлларнинг ҳолати ва мавжуд инфратузилма, авария ўчоқлари, қоидабузарликларнинг таҳлилидан келиб чиқиб, ҳаракат хавфсизлиги, транспорт ва йўл соҳаларига масъул идоралар раҳбарлари фаолиятини танқидий ўрганади, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига муҳокама қилиш учун киритади ва натижалари бўйича республика махсус комиссиясига ҳисобот тақдим этади.

Ҳудудларда йўл ҳаракатини самарали ташкил этиш ҳолатини баҳолаш ва бу борада маҳаллий ҳокимият органларининг масъулиятини кучайтириш мақсадида 2022 йил 1 июлдан бошлаб, республиканинг барча туман (шаҳар)лари кесимида “Хавфсиз йўл” индексини юритиш амалиёти йўлга қўйилади.

Индекс доирасида йўл инфратузилмаси ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинишининг ҳолати махсус комиссиялар томонидан 5-иловага мувофиқ 29 та индикатор бўйича ҳар чорак якунида баҳолаб борилади.

Туман (шаҳар)лар индекс кўрсаткичлари асосида йўлларда ҳаракат хавфсизлигини ташкил этишнинг ҳолати бўйича “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan