Uncategorized

Президент Шавкат Мирзиёев: Охирги йилларда дунёда юз бераётган пандемия синовлари, иқтисодиёт соҳасидаги мавжуд қийинчиликлар ва бошқа муаммолар бизни ностандарт чоралар кўришга, янгича вазиятда ишлаш ва натижага эришишга ўргатмоқда

Дунёдаги бугунги мураккаб вазиятда ҳам Ўзбекистон яшаш ва ишлаш учун тинч ва хавфсиз макон сифатида танилганини ҳеч ким инкор қила олмайди. Биз инвесторлар учун энг қулай ва жозибадор шароитларни яратиш бўйича ҳаракатларимизни янада жадаллаштирамиз. Ислоҳотларни амалга ошириш жараёнидаги энг мураккаб вазифа – бу фақат қонунчиликни ўзгартириш ёки турли стратегияларни ишлаб чиқишдан иборат эмас. Булар албатта муҳим, лекин энг асосийси – одамларнинг дунёқараши ва фикрлашини ўзгартириш эканлигини, ўйлайманки, дунёдаги барча ислоҳотчилар тан олса керак.

Бугун ушбу залда Ўзбекистон Республикаси Президенти командаси аъзолари – вазирлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ҳам қатнашмоқда. Уларнинг ҳаммаси, юқорида таъкидланганидек, юксак малакали мутахассислар, замонавий дунёқарашга эга, Янги Ўзбекистон вакиллари бўлиб, ушбу форумга тайёргарлик доирасида мендан аниқ топшириқлар олишган. Бу раҳбарлар форумга ташриф буюрган Сиз, ҳурматли меҳмонларимиз билан амалий ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш, энг муҳими – инвестор ва тадбиркорларга ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш учун мунтазам ишлашга тайёр. Форум доирасида сизларнинг эътиборингизга Ўзбекистонда ўз бизнесингизни самарали юритишингиз учун мавжуд шароитлар ва янги истиқболлар тўғрисида кенг маълумот берадиган 30 дан зиёд тадбирлар билан бир қаторда 200 дан ортиқ жозибадор лойиҳа таклифлари ҳам ҳавола этилади.

Давлатимиз раҳбари ҳозирги замон бутун жаҳон иқтисодиёти рақамлаштириш жараёнига ўтаётган, “яшил” технологиялар ва инновацион тараққиёт ҳар қандай соҳа ва бизнес ривожи учун устувор аҳамият касб этаётган бир давр эканлигини таъкидлади. «Бизнес ва тадбиркорлик, халқаро иқтисодий алоқалар учун беқиёс имкониятлар очилаётган мана шундай шароитда сизларни қадимий цивилизация ва маданият маскани бўлган, бугунги кунда янгиланиш ва ислоҳотлар йўлидан дадил бораётган Янги Ўзбекистон билан амалий ҳамкорлик ўрнатишга таклиф қиламан. Сизларнинг мамлакатимиздаги муваффақиятингизни таъминлаш Ўзбекистон Президенти ва Ҳукумати томонидан кафолатланади», деди Шавкат Мирзиёев. Президент анжуманнинг барча иштирокчиларига форум натижалари бўйича муҳим ва самарали келишувларга эришишни, келгуси ишларида эса янги ютуқ ва зафарлар ёр бўлишини тилади. Айни пайтда ялпи сессияда фикр алмашиш ва муҳокамалар давом этмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan