Uncategorized

Чемпионлар лигаси ҳафта якунлари: “Бавария”дан сенсацион натижа, Париж жамоасидан ғалаба, “Хўрланган Спортинг” ва “Ливерпул”дан ишончли ғалаба

15-феврал санасидан европанинг энг кучли клублари иштирок этадиган Чемпионлар лигаси мусобақаси қайта старт олгани барчамизга сир эмас. Ушбу ҳафтада ажойиб тўқнашувларга бой ва муросасиз баҳслар гувоҳи бўлдик. Келинг уларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталамиз.

“Бавария”дан сенсацион натижа!

Европанинг энг ҳайбатли ва кучли жамоаси ҳисобланадиган Мюнхеннинг “Бавария” клуби ушбу ҳафтада кутилмаганда муроса йўлини танлашга мажбур бўлди. Ред Булл компаниясининг лойиҳаларидан бири бўлган “Залсбург” жамоаси агар озроқ ҳимояни ушлаб турганида ғалаба қозониши ҳам мумкин эди. Лекин сўнгги дақиқалар бошланишига оз вақт қолганида Кингсли Команнинг голи эвазига “Бавария” шармандали мағлубиятдан қутулиб қолди. Ўзи нима бўлябди бу жамоага? “Боҳум”дан шармандали мағлубият, “Залсбург” билан дурранг қайд этаётган “немислар”нинг темир машинаси бузилишни бошлаган бўлса? Юлиен Нагилсманнинг ушбу 2 та учрашув учун ўйлаган тактикаси унчалик ҳам иш бермаётгани унинг истеъфоси аломатларини билдирмаётганмикин-деган шубҳалар пайдо бўлмоқда. Тўғри, ҳали истеъфога борадиган даражада натижалар ёмонлашмаган. Кейинги учрашувда 1 та гол уриб, ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолса ҳам “Бавария” чорак финалга чиқади. Аммо ўйин сифати негадир пастламоқда. Жамоадаги олдинги ҳайбат ва шижоат пасайгандек. Аммо Левандовскийга қойил қолмасдан илож йўқ. Жамоаси 4 та гол ўтказиб ютқазади-ю, лекин Левандовский 2 та гол уради. Даҳшат-а?! Наглсмен эса нима қилиб бўлса ҳам ўйинни ўзгартирмаса, унинг жамоадаги ўрни ўзгариш эҳтимоли ошиб бораверади.

Париж жамоасидан ғалаба!

Ушбу ҳафтада бутун дунё эътибори ва эътирофига сазовор бўлган учрашув шубҳасиз “ПСЖ” ва “Реал Мадрид” қарама-қаршилигидир. Ўйин жуда ҳам шиддатли кечди десак томошабинлар хафа бўлишади. Чунки бутун ўйин давомида бир дарвозага ўйин бўлди. Мадриднинг “қаймоқранг” жамоаси негади Мадрид шаҳрининг бошқа бир жамоасининг услубида ўйнади. Карло Анчелотти жамоаси бутун ўйин давомида Диего Симёнега жамоасига ўхшаб ҳаракат қилгани мухлисларни ҳайратга солди. Чунки “Реал Мадрид”дан бунақа ўйинни ҳар доим ҳам кўравермаймиз. Таркиб жиҳатдан энг номдор ва дунёдаги энг юқори сифатли футболчиларни ўз сафига қўшиб олган “ПСЖ” эса ўйиннинг жуда катта қисмида тўпни ва ўйинни назорат қилди. Ҳужумкор ва биринчи рақамли жамоа сифатида ўйинни ўтказган парижликларда гол уриш учун имкониятлар жуда ҳам кўп бўлди. Буни оддийгина дарвоза томон берилган зарбалардан ҳам билиб олиш мумкин: 19-4! Бу жуда катта устунлик! Мадриднинг бахтига Тибо Куртуа анчагина яхши учрашув ўтказди. Жуда ҳам кўп сейвларни амалга оширди, пеналтини қайтарди(кимсан Лионел Мессининг пеналтисини) ва ўйинда қаҳрамон бўлиши ҳам мумкин эди. Аммо “Реал Мадрид” ишқида девона бўлаётган ва анчадан буён қўлга киритишни истаб юрган франсуз футболчиси Килиан Мбаппе Куртуадан қаҳрамонлик статуеткасини тортиб олди. Тамомила ўзиники қилиб олди. Чап қанотдан бутун “Реал” ҳимоясига қўшиб Тибор Куртуани ҳам “ухлатиб”, ўз голини нишонлади. Ким нима деса ҳам Париж шаҳри шарафини ҳимоя қилаётган жамоа ушбу гол ва ғалабага лойиқ эди. Ахир ўзингиз айтинг, бутун ўйин давомида ҳужум қилган ва катта ҳисобларда ютиши мумкин бўлган ҳолда ўз вазиятларидан унумли фойдаланмаслик ҳисобига ғалабадан қуруқ қолиш кимга ҳам ёқарди? Жамоа ҳақли равишда тўп тепди ва ўзиникини олди. Ўзи ўйин олдидан ҳам кўпчилик футбол экспертлари ҳам парижликларнинг қўли баланд келиши мумкинлигини таҳмин қилишаётганди. Кутилган воқеа содир бўлди. Мадридликлар ҳужум чизиғи ушбу учрашувда ҳеч нарса қила олишмади. Винисиусни ҳам Бенземани ҳам яхши қўриқлашди. Жамоа бу учрашувда ҳар томонлама енгилди. На ҳимоя на ҳужум ўзини кўрсатолди. Камига 2 та етакчи футболчи ҳам жавоб учрашувини ўтказиб юборади. Каземиро ва Ферлан Мендиларнинг сариқ карточкалари сони ошиб кетганлиги туфайли ҳам улар жавоб учрашувида майдонга тушишмайди.

Кейинги баҳсда мадридликларга фақатгина омад ва мўжиза ёрдам бериши мумкин. Лекин бунақа ўйин билан Чорак финалга чиқиш қийин ва деярли имконсиз! Мессининг пеналтисига тўхталишнинг ҳожати йўқ. У ҳам инсон ва у ҳам хато қилишдан кафолатланмаган. Аммо бунинг фонида Роналдунинг “Брайтон” жамоаси дарвозасига супер гол киритгани воқеани янада бўртиб кетишига олиб келмоқда. Флоринтино Перез эса тезроқ шу Мбаппени сотиб олиш кераклигини янада яхшироқ тушуниб етмоқда. Воқеалар ривожини кузатамиз!

“Хўрланган Спортинг!”

Футболда мураббийлар жуда кўп. Ҳар бирининг ўз услуби ва қарашлари мавжуд. Баъзи мураббийлар ҳимоявий футболни яхши кўришади, баъзилари эса юқори прессингда ўйнашни. Лекин футбол тарихида шундай мураббий мавжуд-ки, у бутун футбол қарашларини бузиб юборган. Сиз футболни технал ўйин ва унда жамоадаги якка етакчи кўп ишни қилади деб унга айтишингиз ҳамон у сизга ўз услубини кўрсатиб қўяди. У шундай услуб эгаси-ки, унда бутун жамоа ҳаракат қилиши керак. Ҳамма ишлаши ва тўпни бир-бирига қизғанмасдан ошириб, қисқа пасдда хато қилмасдан ҳаракат қилиши шарт! Бундай тотал ва жамоавий юқори даражадаги ўйин услубини “Тики-така” деб аташади. Ушбу услубни жуда самарали ва сифатли қўллаган ҳамда ўзининг “Тики-така”си билан бутун дунёни ёндирган мураббийни ҳаммангиз биласиз ва танийсиз. Хосе Пеп Гвардиола-футболдаги даҳо мураббийлардан бири. Юқорида айтиб ўтилган сифатларни бугун у “Манчестер Сити”нинг қон-қонига сингдириб юбордики, гўё, бутун фаолияти давомида жамоа шундай ҳаракат қилгандек. Араб шейхларининг миллионлари ва Гвардиоланинг ақл-фаросати билан “Манчестер Сити” бугун дунёга Криштиану Роналдудек истеъдодни тақдим этган “Спортинг” дарвозасига 5 талаб гол уриб ташламоқда. Бундан ташқари АПЛдаги кўплаб гигант жамоларнинг ҳам кўзини очиришмаябди. Рақобатбардош Англия футболи бугун фақатгина 4-ўрин учун курашса бўладиган майдонга айлантириб ташлашди. Мен “Манчестер Сити” ҳамда “Спортинг” жамоалари иштирокида яққол фаворит кимлигини айта олардим, лекин, “Спортинг” жамоасини 5 та гол билан мағлуб бўлишига умуман ишона олмасдим. Гвардиола шундай очофат ва голга тўймас жамоани яратдики, улар қанча гол уришса ҳам тўхташ нималигини билишмайди. Иложи борича кўпроқ гол уришни рақибларни янада янчиб, қайта туролмайдиган қилиб ташлашни исташади ва буни амалда уддалашади ҳам. Жамоада ҳақиқий қонхўрлик инстинкти бор. Гуруҳ босқичида ажойиб ҳаракат қилган “Спортинг” жамоаси эса мусобақани шу ерда якунлаш эҳтимоли катта. Улар яхши ўйнашди. Аммо уларнинг ягона айби “Манчестер Сити”дек “очофат тўда”га қарши тушиб қолганликларида!

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan