Сурхондарё вилояти ҳокимлигида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда мамлакатимизда кейинги йилларда сўз ва матбуот эркинлиги, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини мустаҳкамлашга, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бу борада амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида эришилаётган ютуқларимизни кенг тарғиб қилиб, глобал ахборот майдонида миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Айни пайтда Сурхондарё вилоятида 34 газета, иккита журнал, учта телевидение, битта радиоканал, учта нашриёт, иккита босмахона фаолият юритмоқда. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларининг матбуот хизматлари, бошқарма ва ташкилотларда 60 га яқин ахборот хизмати фаолият юритмоқда. Уларда 400 дан ортиқ соҳа фидойилари меҳнат қилиб, вилоятда эришилаётган ютуқлар, жамиятда юз бераётган янгиланишларни кенг ёритмоқда. Жойлардаги ижтимоий муаммолар ва камчиликларга давлат идоралари ва кенг жамоатчилик эътиборини қаратмоқда.

–Бундан беш йил аввал ҳам оммавий ахборот воситаларига бугунгидек эътибор йўқ эди,– дейди “Жануб вақти” газетаси бош муҳаррири Ражабгул Муҳаммадиева.–Сўнгги йиллардаги очиқлик ва ошкоралик сиёсати жамиятдаги ютуқлар билан бирга одамлар дуч келаётган муаммоларни ҳам кенг жамоатчиликка етказишда муҳим омил бўлаётир. Бу ўзгаришлар бизнинг теран нигоҳда воқеа-ҳодисаларга холислик билан ёндошиб, жамиятни ҳар тарафлама ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишимизга ундаётган бўлса, аҳолининг бугунги кунидан рози бўлиб яшашида муҳим ўрин тутмоқда, эртанги янада фаровон ҳаётига ишонч ҳиссини мустаҳкамламоқда.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов сўзга чиқди.
Тадбирда бир гуруҳ журналистлар ва блогерларга вилоят ҳокимининг Фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалари тантанали топширилди.

Шунингдек, тадбирда ЎзАнинг воҳадаги шарҳловчиси Х. Маматрайимов вилоят ҳокимига Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори, таниқли шоир А. Кўчимовнинг янги чоп этилган танланган асарлари тўпламининг биринчи томини топширди.
