Алексей Навалний фирибгарликда айбланиб, қўшимча 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин
Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалний янги фирибгарликда айбланиб, Россия судига тортилди. Бу ҳақда Euronews ёзди.
Навалний 2014 йилда «сиёсий» деб қаралган фирибгарликда айбланиб, икки ярим йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.
Кремль танқидчиси Москва суди томонидан фирибгарликда айбдор деб топилса, яна 10 йиллик қамоқ жазоси берилади. Навалний бир қанча нодавлат ташкилотлардан 356 миллион рубль (4 миллион евро)га яқин хайрия маблағларини ўзлаштирганликда айбланмоқда. Шунингдек, у ўтган йилги суд мажлисларидан бирида судга ҳурматсизлик қилгани учун қўшимча олти ой қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Навалний душанба куни ҳибсхонадан судга адвокатлари билан бирга ва бир неча қўриқчилар қуршовида келди. Суд бошланишида унинг рафиқаси Юлия Навалная ҳам иштирок этган ва янги айбловлар «ноқонуний» ва «инсофсиз» эканини айтган.
Россия мухолифати Москва Навалнийни қамоқдан чиқишга мажбурлаб, суд жараёнига таъсир ўтказганини даъво қилмоқда. Навалний душанба куни судда “Ҳалигача айбдор деб топилганим йўқ, лекин мени қамоқхона кийимида кўрсатишяпти”, деди.
«Мени оддий зек сифатида суд қилишларини хоҳлайман», деб давом этди у, бу атама совет маҳбусларига тегишли. “Ушбу янги суд жараёни бошланиши билан Россия расмийлари Навалний тез орада қамоқдан чиқмаслигини таъминлашга ҳаракат қилаётгани аниқ”, – дея қўшимча қилди Халқаро Амнистия ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Marie Struthers.
45 ёшли шахс ўтган йилнинг февраль ойида қамоққа ташланган ва жазони Москвадан 100 километр шарқда, қаттиқ тартибли Покров номли 2-сонли қамоқ колониясида ўтамоқда. Қамоққа олинганидан бери Навалнийнинг тарафдорлари ва иттифоқчиларига нисбатан тазйиқлар ўтказилмоқда.
Кремль танқидчисининг Коррупцияга қарши кураш жамғармаси (ФБК) ўтган йили «экстремистик» ташкилот деб топилган ва бу унинг ёпилишига ва кўплаб мухолифатчиларнинг сургунга кетишига олиб келган. Ўтган ой Навалнийнинг ўзи ҳам Россиянинг “террорчилар ва экстремистлар” рўйхатига киритилган эди. Мухолифат етакчиси экстремизм айбловлари бўйича учинчи суд жараёнига ҳам дуч келиши мумкин.