Uncategorized

2022 йил охиригача электрошокер ва газли қуроллар экспертизаси жорий этилади

Президент қарори билан 2022−2023 йилларда 10 дан ортиқ янги турдаги экспертизаларни ўтказиш йўлга қўйилади. Жумладан, видео ва фототехника, видеоларда транспортнинг ҳаракатланиш тезлигини аниқлаш, газли ва электрошокер қуроллар, автомобилларга ўрнатилган газ баллонлари портлаши, қолаверса, интернетда булутли сервислар экспертизаси ўтказилади.

Президент 8 февраль куни «Ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика фаолиятини замонавий илм-фан ютуқларини кенг жорий этган ҳолда янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [ПҚ-122-сон] қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Ҳужжат билан ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика фаолиятини янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгиланди.

Қарорга кўра:

  • ИИВ Эксперт-криминалистика бош маркази тузилмасида Генетик тадқиқотлар ва Шахснинг геном ахборотини давлат рўйхатига олиш бўлимлари ташкил этилди;
  • ИИВ таъсисчилигида ўқотар, пневматик, газли, сигнал берувчи, совуқ, улоқтирувчи ва бошқа қуроллар, уларнинг ўқ-дориларини, махсус воситаларни, ўқ ўтказмайдиган махсус ҳимоя воситаларини, электрошок қурилмалари, пиротехника буюмлари ва портловчи материалларни сертификатлашни амалга оширувчи давлат муассасаси ташкил этилади;
  • ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика бўлинмаларига эксперт-криминалистика соҳасида шартнома асосида экспертлик, биометрик идентификация, илмий-тадқиқот ва ахборот хизматларини ҳамда соҳага оид бошқа пуллик хизматларни кўрсатиш ҳуқуқини берилди;
  • махсус илмий-техник ва интеллектуал салоҳиятга эга шахсларни мутахассис ёки техник ишчи сифатида эксперт-криминалистика бўлинмаларига шартнома асосида жалб этиш амалиёти йўлга қўйилади.

Қарорга мувофиқ, экспертиза ва тадқиқотларнинг қуйидаги янги турлари ўтказилиши йўлга қўйилади:

2022 йил якунигача:

  • видео ва фототехника экспертизаси, шу жумладан видеоёзувларда қайд қилинган транспортнинг ҳаракатланиш тезлигини аниқлаш экспертизаси;
  • электр таъсирли қуроллар экспертизаси;
  • газли қуроллар экспертизаси;
  • газ-ҳаво аралашмаси ва физик портлашлар экспертизаси;
  • транспорт воситаларига ўрнатилган газ баллонлари портлаши экспертизаси;
  • одам ДНКси биологик экспертизаси;
  • махсус техника ва транспорт воситаларини баҳолаш экспертизаси;
  • озиқ-овқат маҳсулотлари экспертизаси;

2023 йил якунигача:

  • рақамли маълумотлар базаси экспертизаси;
  • Интернет тармоғида булутли сервислар экспертизаси;
  • фоноскопия экспертизаси.

2023 йил 1 январгача шахс, буюм ва ҳодисалар тўғрисида олинган ахборотлар бўйича автоматлаштирилган криминалистик ахборот-қидирув тизими жорий этилади.

Шунингдек, 2023 йил якунигача суд-тергов фаолиятида ашёвий далил сифатида олинган синтетик турдаги гиёҳвандлик, шунингдек, психотроп ва кучли таъсир этувчи дори воситаларининг кимёвий таркиби бўйича марказлашган ахборот-қидирув тизимини яратиш чоралари кўрилади.

2022/2023 ўқув йилидан Ички ишлар вазирлиги Академиясининг бакалавриат дастури бўйича таълим тизимида «рақамли криминалистика асослари» фани ўқитилиши йўлга қўйилади.

Электрошокерлар, электродубинкалар ва электротўппончалар ички ишлар органи ходимларига йўл-патруль хизматини ва жамоат тартибини таъминлаш учун берилади.

Ички ишлар органлари ходими электрошокердан ўзига ёки фуқарога қилинган ҳужумни қайтаришда, жиноятни ёки ҳуқуқбузарликни тўхтатишда, жиноятга қўл урган одамни ҳибсга олишга ва яширинишга уринишда, қўлга олинган фуқаролар ва биноларни озод қилишда ҳамда оммавий тартибсизликларни олдини олишда фойдаланиши мумкин.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan