Uncategorized

«Кўпчилик томошабин бўлиб қолмоқда» — Президент экологик муаммоларга бефарқликни танқид қилди

Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди:
«Ҳаммангиз яхши биласиз, халқимиз азалдан табиатни муқаддас деб билган. Тупроқни, сувни, ҳавони, остонасини пок сақлашга интилган. Халқимизда «Бирни кессанг, ўнни эк» деган доно мақол ҳам бежиз айтилмаган.

Оилада янги фарзанд дунёга келса, унга атаб ниҳол экилган. Афсуски, мана шу эзгу одатлар бугун деярли йўқолиб кетди. Одамларимиз ҳатто эшиги ва ҳовлиси атрофини тозалашдан, дарахт, гул, кўчат экиб, саранжом-саришта қилиб қўйишдан эринадиган бўлиб қолди.

Нега бу масалада ОАВ орқали ҳамда маҳаллаларда бонг урилмаяпти? Қани маҳалла фаоллари, нуронийларимиз ва жамоатчилигимиз? Афсуски, кўпчилик томошабин бўлиб қолмоқда», — деди давлатимиз раҳбари.

«Энг муҳим масала — аҳолининг экологик маданиятини ошириш ҳақида жиддий бош қотиришимиз зарур.

Бугун кўчага ёки исталган жойга қаранг. Ҳамма жойда одамлар ташлаб кетган чиқиндиларни кўрасиз.

Биз она юртимизни муқаддас деймиз. Агар шу юрт, шу тупроқ биз учун муқаддас бўлса, нима учун уни тоза-озода сақламаймиз?» — дея мавзуни давом эттирди Президент.

Йиғилишда дунёда қаттиқ маиший чиқиндилар миқдори аҳоли жон бошига ҳар йили 1 фоизга ортиб бораётгани, мамлакатимизда сўнгги йилларда иқтисодий ўсиш, аҳоли турмуш даражаси яхшиланиши натижасида ўсиш 2 фоизни ташкил этиб, йиллик ҳосил бўлаётган маиший чиқиндилар миқдори 7 миллион тоннага етгани айтилди.

Лекин, ушбу чиқиндиларни йиғиш, саралаш, олиб чиқиш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш аҳволи қониқарли эмас, деди давлатимиз раҳбари.

Мисол учун, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси Андижонда – 45 фоиз, Бухорода – 43 фоиз, Навоий ва Наманганда – 36 фоизни ташкил этиб, яхши натижа кўрсатилмоқда. Аксинча, Қорақалпоғистон – 10 фоиз, Фарғона ва Қашқадарё – 20 фоиз билан қолган ҳудудлардан орқада.

Сабаби – ушбу ҳудудларда маиший чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш кластерлари фаолияти ҳали тизимли йўлга қўйилмаган.

Шунингдек, чиқиндиларни олиб чиқиш қамрови 90 фоизга етган бўлсада (2017 йилда атиги 25 фоиз эди), 781 та маҳаллада 30 йилдан буён чиқиндини олиб чиқиш масаласи ҳал этилмагани танқид қилинди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan