Uncategorized

Ўзбекистонда Амир Темур “ўлим отаси” сифатида талқин қилинган ролик суратга олинди. Туризм вазирлиги нега жим?

Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари — Самарқанд, Бухоро ва Хивада суратга олинган “Индиана Жонс” руҳидаги видеоролиги танқидга учрамоқда.

Эътирозлар видеороликда Амир Темурнинг шахси бузиб талқин этилгани ортидан юзага келмоқда. Журналистлар, шоирлар, жамоатчилик вакиллари томонидан қатор саволлар ўртага ташланди. Бироқ борада тегишли вазирликдан ҳали сас-садо чиқмади. Қуйида видеоролик хусусида билдирилган фикрлардан айримлари ҳавола қилинади.

Хуршид Даврон, Ўзбекистон халқ шоири:

Куни-кеча Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг фейсбукдаги саҳифасида ва ютубдаги «Мендирман Жалолиддин» каналида  «Индиана Жонс Ўзбекистонда» номи билан қисқаметражли видеоролик тақдим этилиб, унга қуйидаги изоҳ илова қилинибди: «АҚШлик видеоблоггерлар жамоаси Индиана Жонс руҳидаги қисқа видео суратга олишди. Филмга ўзбекистонлик Бехруз Ҳамзаев продюсерлик қилган, режиссёри эса Девин Грехем».

Мен дастлаб ушбу видеоролик Ўзбекистонга чет элликлар туристлар кўпроқ келиши учун олинган бўлса керак деб тахмин қилдим. Аммо, ролик бошидаги овозли маълумотни эшитиб, сочларим тикка бўлиб кетди, юрагим ҳам ғазабга, ҳам аламга тўлди.

Ролик мана бундай маълумот билан бошланган: «Тимур Тамерлан — дунёдаги энг машҳур босқинчилардан бири бўлиб, у ҳақидаги барча ҳикоялар қонли дарёлар билан тугайди. Унинг қўлидан 17 миллиондан ортиқ одам ҳалок бўлган, 14-асрга келиб у ер юзидаги барча аҳолининг 5 фоизини қириб ташлади. У «ўлим отаси» сифатида ҳам танилган”.

Бирон бир Шарқ ёки Ғарб мамлакатида мақбараларда бундай шармандали видеолавҳаларни суратга олишга йўл қўйилмасди. Ўтган асрнинг 80 йилларида Самарқандга келган атоқли турк ёзувчиси Явуз Булент Бакилер (Yavuz Bülent Bâkiler) «Туркистон, Туркистон» китобида ўқиганларимни эсладим.  Ёзувчи Амир Темурга бағишланган ҳикоясини меҳмонхона деразасидан жуда гўзал мақбаранинг мовийранг гумбазини кўрганидан бошлайди.

«Бу кимнинг мақбараси?  деб сўрадим. «Гўри Мир бу!  Амир Темур мақбараси!  —  деган жавоб олдим. Ўша заҳот  болалигимдан Темур ҳақида фақат ёмон гапларни эшитиб улғайганимни эсладим. Сивас шаҳрида  туғилганим боисми болалигимдан «Темур  шаҳримизни вайрон қилган, анамунча одамни ўлдирган» каби гаплар қулоғимда қолган». Ёзувчи пастга тушиб, мақбара томон отланади. Мақбара ичида экан, бутун турк тарихи кўз ўнгидан ўтади. Мақбарада деворларидаги битикларни ўрганади. Оқибатда унинг Амир Темур шахсияти ва фаолияти ҳақидаги бутун тушунчалари ўзгаради.  Ҳатто  ичкарига кириб келиб Амир Темурнинг қабртошига –  қора нефритга ўтириб олганича, уни латта билан арта бошлаган жуҳуд фаррош хотинга  «Кимнинг устига ўтирганингни биласанми?» деб бақирганча, хотинни мақбарадан ҳайдаб чиқаради.   

 Афсуслар бўлсинким, биз эса Соҳибқирон бобомиз қаторида ётган  боболаримиз, хусусан Мирзо Улуғбекдай дунёда тенги йўқ бобомиз оромини бузиб,  муқаддас  гўшада аллақандай  ярим яланғоч кимсалар уятсиз қилиқлар қилишига томошабин бўламиз.

P.S. Ўрни келгани учун айтиб ўтишим керак. Мен бу гапни 40 йилдан буён айтиб келаман.  Амир Темур ётган мақбара аслида унинг пири Мир Сайид Барака боис «Гўри Мир» деб келинган. Фақат советлар давридагина бу атаманинг бузиб, «Гўри Амир» дейдиган бўлдик. Афсуски, бу урф ҳозиргача давом этмоқда.

Тилшунос олим Азамат Акбаров:

Ушбу видеоролик Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида тасвирга олинган.

П.С. Видеоролик бошидаги Амир Темур ҳақидаги гапларни кўпчилик инглиз тилида тушунмайди. Яхши гаплар айтилмаган, уни калла кесар, 17 миллион инсоннинг кушандаси, дунё аҳолисининг 5 фоизини қириб юборган, ўлим отаси деб тасвирлашган. Бунга қандай йўл қўйишди ҳайронман.

Биз “Темур тузук”ларини ўқиб “Куч адолатдадир” десак, улар эса уни қонхўр деса, болаларимизда иккиланиш пайдо бўлмайдими ажабо, қай бири тўғри деб?

“Америка овози” журналисти Навбаҳор Имамова 30 январь санасида ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида ҳам бу ҳақда “Темурни дунё аҳлининг 5 фоизини қирган, борган жойларида дарё-дарё қон оқизиб, “ўлим отаси” сифатида ном қолдирган ҳукмдор деб тасвирлашибди. Ўзбекистон ҳукумати ё мазмуни билан қизиқмаган ё уни тушунмаган ё цензура қила олмаган. Туризм рекламаси”, — дея фикр билдирган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan