Uncategorized

Янги йил совғалари ҳамда 800 минг сўмдан ажратилган моддий ёрдамни вилоят ҳокими эҳтиёжманд оилаларга етказди

Бугун вилоят ҳокими Тўра Боболов Термиз туманининг Орол маҳалласида бўлиб, “Темир дафтар”га рўйхатга олинган оилалар ҳолидан хабар олди. Вилоят раҳбари хонадон эгаларига Президентнинг Янги йил табригини ўқиб эшиттириб, моддий ёрдам пули ва байрам совғаларини топширди, деб хабар бермоқда Сурхондарё вилоят ҳокимлигининг Матбуот хизмати.

– Турмуш ўртоғим иккинчи гуруҳ ногирони, ўзим кунлик ишларда ишлаб, рўзғоримизни тебратяпмиз. Очиғи, қишда бироз қийналиб турганимизда Президентимизнинг совғалари жуда асқотди. Байрам дастурхонимиз энди тўкин бўладиган бўлди. Миннатдормиз, инсон қадри улуғланаётган шу юртда яшаётганимизга минг бор шукур, – дейди Орол маҳалласида яшовчи Муаззам Алиқулова.

Тўра Боболов маҳалладаги савдо дўконларида ҳам бўлиб, сотувчилар ва харидорлар билан суҳбатлашди. Озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа кундалик эҳтиёж молларининг нарх-навоси билан қизиқди.

Маълумот учун, Президент қарорига кўра, Янги йил байрами арафасида вилоятмизда “Темир дафтар” рўйхатида бўлган 17 203 та оилага, шунингдек, 18 ёшга тўлмаган фарзандлари бор боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи ҳамда 18 ёшгача болалар учун ногиронлик нафақасини олувчи 25 846 та оилага 800 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Вилоятда жами 43 049 оилага 34,3 млрд. сўм миқдорида моддий ёрдам берилиши кўзда тутилган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan