Uncategorized

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қарийб 38 млрд долларга етди

Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи жорий йилнинг бошига нисбатан 11 фоизга ёки 3,7 млрд. долларга ошиб, 2021 йил 1 октябрь ҳолатига 37,6 млрд. долларни (жорий йилнинг 1 январь ҳолатига 33,8 млрд. доллар) ташкил қилмоқда.

Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, йил бошига нисбатан давлат ташқи қарзи 7 фоизга ёки 1,5 млрд. долларга ўсиб 22,9 млрд. долларни, давлат томонидан кафолатланмаган ташқи қарз эса 18 фоизга ёки 2,2 млрд. долларга ўсиб 14,7 млрд. долларни ташкил этди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 9 ойи учун жорий операциялар ҳисоби дефисити 5,1 млрд. доллар (2020 йилнинг 9 ойида 279,2 млн. доллар) миқдорида шаклланган. Бунда, савдо балансининг (товарлар ва хизматлар) манфий салдоси (9,7 млрд. доллар) бирламчи ва иккиламчи даромадларнинг ижобий салдоси (4,6 млрд. доллар) ҳисобига қисман қопланди.

Шунингдек, 9 ойда молиявий ҳисобнинг манфий салдоси 6 млрд. долларни ташкил этган. Бунда, молиявий ҳисоб дефиситининг ўсишига асосий сабаб кредитлар ва қарзлар бўйича норезидентлар олдидаги мажбуриятлар 2,7 млрд долларга, тўғридан-тўғри инвестициялар 1,7 млрд долларга ҳамда портфел инвестицияларида қимматли қоғозлар чиқарилиши эвазига 1,3 млрд. долларга ўсиши асосий сабаб бўлди.

Ҳисобот даврида мамлакатнинг чет эл валютасидаги активлари 68,3 млрд. долларни, ташқи мажбуриятларининг ҳажми эса 51,4 млрд. долларни ташкил этди. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикасининг соф инвестицион позицияси йил бошига нисбатан 17 фоизга ёки 3,4 млрд. долларга қисқариб, жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига 16,9 млрд. долларни ташкил этган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan