Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари вақтинча ёпилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Қирғизистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги давлат божхона хизмати матбуоти хабар берди.
Унга кўра, “Қизил-Қия-автодорожний” ва “Ўзбекистон-автодорожний” пунктлари 1-3 декабрь кунлари транспорт ҳаракати учун ёпилади.
Бу қарор йўл қопламасини янгилаш ва асфалт ётқизиш бўйича параллель равишда олиб борилаётган ишлар туфайли қабул қилинган.
Шу кунларда автомобиль ҳаракати ва юкларни ташиш “Дўстук-Автодорожний” назорат-ўтказиш пункти орқали амалга оширилади.
4 декабрдан бошлаб назорат-ўтказиш пунктлари тўлиқ иш фаолиятини бошлайди.