Uncategorized

Биргина қисқа метражли фильм учта совринга эга бўлди

Биргина қисқа метражли фильм учта совринга эга бўлди_image

Аввалроқ ушбу фильм “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалида ҳам “Гран-при”ни қўлга киритган эди.

Кинематография агентлиги буюртмасига биноан “Ёшлик” киностудияси томонидан Шерзод Назаров режиссёрлигида суратга олинган “Ипак йўлида” (“On the silk road”) қисқа метражли фильми жорий йилнинг 1-11 ноябрь кунлари АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида ўтказилган AWFF-2021 («Asian World Film Festival») халқаро кинофестивалида “Осиёнинг энг яхши қисқа метражли фильми” номинацияси бўйича ғолиб бўлди. 

Мазкур кинокартина “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали доирасида суратга олинган ва «Гран-При» ҳамда «Энг яхши актёр» номинациясида ғолибликни қўлга киритган. 

/media/in_content_images/1_ORLPC3r.jpg_image

Ёш режиссёр Шерзод Назаровнинг “Ипак йўлида” кинокартинаси борасида HFPA (Hollywood Foreign Press Association) ҳакамлар ҳайъати аъзоси Мари Руҳбан қуйидаги фикрларни билдирди: “Ёш ўзбек режиссёрининг «Ипак йўлида» фильми менга жуда ёқди. Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Рим ва Хитой цивилизацияларини, Ғарб ва Шарқни боғловчи Буюк Ипак йўли ўтган марказий давлатлардан биридир. Мазкур фильмдаги воқеа эса абадийдир. Фильм ажойиб ва биз унинг ижодкорларини шарафлашдан мамнунмиз!”

Фильм сценарий муаллифи Шоҳжаҳон Субҳонов, постановкачи режиссёр Шерзод Назаров, постановкачи оператор, Диёр Исматов, рассом Эркин Ҳушматов, бадиий раҳбар Али Ҳамраев.

/media/in_content_images/2_rHQnPLR.jpg_image

Фильм муаллифи Шерзод Назаров Кинематография агентлиги ёш киноижодкорларни қўллаб-қувватлаётгани натижасида унинг фильмлари турли фестивалларда ғолибликни қўлга киритаётганини қайд этди: “Халқаро майдонда ғолиб бўлганимиздан жудаям хурсандман ва бу жамоам учун ҳам катта ютуқ, деб ўйлайман. Мени қўллаб-қувватлаган барча устозларимдан миннатдорман. Шу билан бирга, мазкур фильм 16-21 декабрь кунлари Россияда бўлиб ўтадиган «Московская Премьера» халқаро кинофестивали дастуридан ҳам ўрин олган.

/media/in_content_images/4_WOX7hTU.jpg_image

Мен илк бор “Debyut-2020” кинофестивалида “Сартарош” номли фильмимни суратга олгандим. Бу йили “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалида “Ипак йўлида” қисқа метражли фильми ҳамда “Бобом 90 ёшда” ҳужжатли фильмида суратга олдим. Мазкур лойиҳалар кинофестивалда мукофотларни қўлга киритган. Кинематография агентлигига ҳам алоҳида миннатдорчилик билдираман. Бу ютуқлар агентликнинг ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаши натижасидир. Биз каби ёш киноижодкорларга бундай имкониятлардан жудаям мамнунман ва ёш ижодкорлар учун янада катта шижоат бағишлашига ишонаман!”

Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов ёш ижодкорларни рағбатлантириш борасида сўзлади: Кинематография агентлиги томонидан ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларга берилаётган рағбатлар ва эътибор яна давом эттирилади. Жорий йилнинг якунида янги истеъдодларни кашф қилиш, соҳада маҳоратли ёшлар учун ижодий имкониятлар яратиш мақсадида ёшлар кинофестивали ҳам ўтказилади. Ўйлайманки, буларнинг барчаси ўзбек киносида янги истеъдодлар туғилишига замин яратади!”

/media/in_content_images/5_I1WnEde.jpg_image

Агентликнинг «Ёшлик» киностудияси директори Азиз Қурбонов киностудия томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлади: Киностудия томонидан 2021 йилда 48 та қисқа метражли фильм, Зумраша киножурналининг 3 та сони, 1 та буюртма асосидаги ҳужжатли фильм, 12 та ижтимоий ролик  ишга туширилган. Ҳозирда бундан ташқари 11 та қисқа метражли фильм, 2 та буюртма асосидаги ҳужжатли фильм устида ёш ижодкорлар томонидан иш олиб борилмоқда. Бу кўрсаткичлар ўтган 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 5 баробарга ортиқ.

Киностудияда 2019 йилда 600 млн сўмлик моддий техник база, 2021 йилга келиб, 1 млрд сўмдан ортиқ маблағлар ажратилиб, замонавий кино қурилмалари олинди. Буларнинг барчаси ёш киноижодкорлар учун янги имкониятлар бериш учундир. Ёш режиссёр Шерзод Назаровнинг «Ипак йўлида» фильми Тошкент халқаро кинофестивалида «Гран-при» мукофотига лойиқ деб топилиб 15000$ миқдоридаги пул маблағи билан тақдирланди. Бу ҳам ёш ижодкорларнинг соҳада эришаётган катта ютуқларидан далолат».

/media/in_content_images/6_DrgcKOO.jpg_image

АҚШда ўтган AWFF-2021 кинофестивали томонидан мазкур фильмга махсус статуэткаси ҳамда 5000 $ миқдоридаги пул мукофоти топширилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan