Uncategorized

“Долзарб 40 кунлик” доирасида эзгу ниятлар билан кўчат экиш ишлари давом этмоқда

Сурхондарёда туризм ва спорт фидойилари тарихий ёдгорликлар атрофида яшил майдонлар барпо этмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Сурхондарё воҳасида кўчат экиб, теварак-атрофни кўкаламзорлаштириш уюшқоқлик билан олиб борилаётир. Йўл бўйлари, маҳаллалар, корхона, ташкилот ва муассасалар атрофига манзарали-мевали дарахт кўчатлари ўтқазилмоқда.

Олинган маълумотларга кўра, ҳозиргача вилоятда қарийб 900 минг туп турли кўчат ўтқазилди.

Вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси ходимлари ҳам воҳадаги археологик ёдгорликлар, тарихий обидалар йўллари ва атрофини кўкаламзорлаштиришга бел боғлаб, “долзарб 40 кунлик” доирасида эзгу ниятлар билан кўчат экишни бошлади. Улар дастлаб Термиз туманидаги милодий 1-3 асрларга оид Фаёзтепа вихара типидаги буддавийлик монастир-ибодатхонаси ва Қоратепа будда ғор ибодатхоналар мажмуасига олиб борувчи йўл бўйига арча, можавельник сингари нина баргли дарахт кўчатларини ўтқазишди.  

– Фаёзтепа ва Қоратепа археологик ёдгорликлари кейинги йилларда дунё аҳлида катта қизиқиш ўйғотмоқда,– дейди вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зебунисо Алимардонова.

– Бу обидалардан кўплаб будда ҳайкаллари, Кушон подшолиги даврига оид сопол идишлар, коса ва кўзачалар, мис чақалар, оҳактошдан ишланган меъморий безаклар, плиталар, сопол чироқдонлар топилган. Бундай ноёб моддий ¬ маънавий ва бадиий артефактлар Термиз, Бақтрия ва Марказий Осиёда буддавийлик тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб, умумжаҳон будда маданиятига қўшилган улкан ҳисса хисобланади. Жорий йилда мазкур археологик ёдгорликларга олиб борувчи йўлларни текислаб, замонавий инфратузилма яратишга киришилди.

 Қоратепага олиб борувчи бир километрдан зиёдроқ йўл текисланиб, асфальт ётқизишга тайёрланди. Бу ерга тунги чироқлар ҳам ўрнатилиб, сайёҳларнинг келиб-кетиши учун барча шароит яратилади. Жамоамиз билан йўл бўйига юз тупга яқин кўчат қададик. Бу ернинг яшилликка бурканиб туриши ҳудуднинг мусаффолигини таъминлаб, обидани кўриш учун келаётган маҳаллий ва хорижлик сайёҳларга ўзгача кайфият улашади.  

“Долзарб 40 кунлик” доирасида амалга оширилаётган бундай эзгу ишга вилоятга хизмат сафари билан келган Туризм ва спорт вазирлиги зиёрат туризми департаменти раҳбари Жаҳонгир Саидов, бош мутахассис Бегзод Мурадуллаевлар ҳам ўз ҳиссасини қўшди. Вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси, Бойсун тумани туризм ва спорт бўлими ходимлари билан Омонхона қишлоғидаги Камари Азиз, Ҳазрати Султон Балогардон, Ширинобод маҳалласидаги Бибиширин она зиёратгоҳлари атрофини кўкаламзорлаштиришда фаол иштирок этди.

– Вилоятда 561 маданий мерос обьекти давлат руйхатига олинган,–дейди вилоят ҳокими ўринбосари Жўрабек Тўраев.¬– Уларнинг 444 таси археологик ёдгорликлар бўлиб, шундан 32 таси ислом зиёрат туризми  ва 8 таси буддизм иншоотларидир. Сайёҳлар билан ҳамиша гавжум бўладиган мазкур объектлар ва уларга олиб борувчи йўллар атрофига “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида шу йил куз ва келгуси баҳор фаслида ранг-баранг кўчатлар экиб, гулзорлар барпо этишни режалаштириб, бу эзгу ишни кўтаринки рухда бошладик.

Шеробод туманидаги Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий зиёратгоҳи сўнгги беш йилда қиёфасини тубдан ўзгартириб, йирик ҳажмдаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Беназир аждодимиз мангу қўним топган гўша яхлит мажмуага айлантирилиб, кўркам боғ ва гулзорлар барпо этилди.

Мусулмон оламининг буюк муҳаддисларидан бири сифатида машҳур бўлган Исо Термизий мажмуаси атрофига ҳам вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси ҳодимлари юз тупга яқин нина баргли дарахт кўчатларини экиб, муқаддас бу маконни янада кўкаламзорлаштиришга муносиб ҳисса қўшди. Бундай хайрли ишдан мажмуа ходимлари ҳам, зиёратчилар ҳам жуда мамнун бўлди.

– Мажмуа атрофидаги бўш ерларга қадалган бу кўчатлар ҳадемай бўй кўрсатиб қолади,¬ – дейди Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий мажмуаси масьул ходими Исматулло хожи Йўлдошев.¬ – Муқаддас динимизда ҳам ерни парвариш қилиш, кўчат экиб, боғ яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Зеро, кўчат ва зироатлардан инсон ризқ олади. Теварак-атроф мусаффо бўлиб, ҳаво янада тоза бўлади. Ёзнинг чилласида келган зиёратчиларга соябон бўлади. Бунинг учун юртимизни яшил бойликка буркаш ғоясини илгари сурган Президентимиздан миннатдормиз.

Вилоятда кўчат экиш уюшқоқлик билан давом этмоқда.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ

ЎзА

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan