Uncategorized

“Хароб бўлса ҳам уларнинг ўз уйи, бошпанаси бор…”-Жаҳонгир Зияев, депутат

Икки кун илгари телеграм каналимда “Ангор тумани мутасаддилари учун уят бўларли ҳолат!” сарлавҳали материал эълон қилгандим, деб ёзмоқда депутат Жаҳонгир Зияев.
Тафсилотларга тўхталмоқчи эмасман. Ҳали бу бўйича бирон амалий иш қилингани йўқ. Бироқ Ангор тумани ҳокимлигининг тезкор РАСМИЙ МУНОСАБАТини ижобий баҳоладим. Чунки аниқ манзилга йўналтирилган шундай руҳдаги кўплаб материалларга туман ҳокимликлари у ёқда турсин, ҳатто айрим вазирликлар ҳам муносабат билдиришни эп кўрмай, сукут сақлаш билан жавоб қайтаришни одат қилган.
Энди воқеаларга тўхталсам. Эшитганимдек, 80 ёшни қаршилаган отахоннинг етти нафар ўғли бор экан. Агар етти паҳлавон отасини шундай шароитга ташлаб қўйган бўлса, менимча, бу ҳолат Ангор тумани мутасаддилари учун эмас, ЎША ФАРЗАНДЛАР УЧУН УЯТ.
Тўғриси, Анорхол Қурбонованинг ишчи гуруҳ билан бўлган муомаласини ҳам ҳазм қила олмадим.

Мутасаддилар «хўп, уйингизни таъмирлаб берамиз” дея бошини эгиб турган бир шароитда «йўқ, уйимни нолдан қуриб берасилар» ёки «рамкам акфадан бўлиши керак» деб шарт қўйишини қандай тушуниш мумкин? Аксинча, яхши гапириб, “майли, имкон даражасида таъмирлаб беринглар, қиш яқин” дейиши керак эмасмиди?

Ушбу материалдан сўнг телеграм ботимга бир неча мурожаатлар келди. “Сиз бир сурхондарёлик оилани чиқарибсиз чорасиз аҳволда деб. Аммо уларнинг хароб бўлса ҳам ўз уйи, бошпанаси бор. Ҳеч ким уларни қишнинг кунида кўчага ҳайдамайди. Менга ҳозир уй эгаси еттинчига ижара пулини бермасанглар кетинглар деб турибди. Шўрлик онам оёғида бор йўғи ўн дақиқагина тик тура олади. Сал совуққа касал бўлади…” дея таъкидланади бир мурожаатда.
Бундай оилалар кўп ва иложи бўлса уларнинг барчасига ёрдам бергинг келади. Давлатимиз бундай оилаларни ташлаб қўйгани йўқ, қўймайди ҳам. Керак бўлса ночорларга, ногиронларга бошпана ҳам беряпти. Лекин ҳар қандай шароитда етти мучамиз соғломлигига шукр қилиб, боқимандаликни унутиб, аввало ўзимиз учун ўзимиз ҳаракат қилишимиз керак. Шундагина ҳар бир нарсанинг қадрига етамиз.
Албатта, Ангор тумани мутасаддилари Анорхол Қурбонованинг уйини таъмирлашда ёрдам кўрсатади. Лекин етти ўғил маҳаллада қандай бош кўтариб юраркин?

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan