Uncategorized

Молиявий инқирозга юз тутаётгани айтилаётган Халқ банки салкам 300 миллиард сўмга Бош офис қурмоқда

Халқ банкининг янги раиси Шуҳрат Отабоев банкни молиявий қийинчиликдан чиқаришнинг янги усулини ўйлаб топди. 

У раислик курсисига ўтириши билан қурилиши битай деган Халқ банки Бош офиси қурилиш ишларини якунлаши учун яна 165.9 миллиард сўмлик қўшимча лойиҳа ишлаб чиқди. Фаолиятини бошлаганига 15 кун ҳам ўтар ўтмас янги раис илк ишини айнан 165.9 млрд. сўмлик маблағни чиқаришдан бошлаган кўринади.

Молиявий қийинчилик туфайли ходимларининг салкам 50 фоизини қисқартиришга мажбур бўлган Халқ банки бугунги кунда 279,1 миллиард сўмлик ўзининг Бош офис биносини қурмоқда.

Бино қурулиши учун тендер ўтказилганми? Пудратчи фирма буюртмани олишдан 5 ой аввал очилган янги фирма эканини қандай тушуниш мумкин?

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилдаги фармойиши ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги қарорига кўра, Халқ банки Бош офисини қуриш учун Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидан 1.8 га. ер ажратиб берилади.

2019 йилдаги Вазирлар Маҳкамасининг йиғилиш баёнига асосан бош пудратчи этиб “Gracia art stroy” МЧЖ ва бош лойиҳачи “Energy biulding” МЧЖ тайинланади. (“Gracia art stroy” МЧЖнинг низом жамғармасида бор йўғи 20 миллион сўм бор.) Бош офис биносига ўзгартиришлар киритилиб, лойиҳа миқдори 113,2 миллиард сўм этиб белгиланади.

Орадан икки йил ўтиб, янги тайинланган раис Шуҳрат Отабоев пандемиянинг молиявий талофатларига қарамай бинога ўзгартириш киритишни таклиф қилади ҳамда янги ўзгартиришлар қиймати бинонинг аввалги асосий ажратилган маблағдан ҳам кўпроқ 165,9 миллиард сўм этиб белгиланади. Шундай қилиб ҳозирда 279,1 миллиард сўм ажратилган Халқ банки Бош офиси биноси қурилиш ишлари янги ўзгартириш лойиҳаси асосида давом эттирилмоқда.

Мазкур қурилишдаги баъзи саволларнинг очиқ қолиши лойиҳада коррупция аралашганига шубҳа туғдирмайдими?

Шуҳрат Отабаевни бунчалик тез ва шошма-шошарлик билан қарор қабул қилишига нима мажбур қилди?

Нима учун қурилиш тўлиқ смета қилиб 113,2 миллиард сўм этиб белгиланган бинонинг қўшимча лойиҳаси маблағи асосий бино маблағидан ҳам кўп 165,9 миллиард сўм бўлиб чиқмоқда?

Маблағларни шубҳали тарзда катта ажратилиши бўйича қарорлар айнан Вазирлар Маҳкамаси томонидан чиқарилгани давлатнинг ўзи коррупцияни қўллаётгандек туюлмаяптими?

Очиқ қолган саволларга ким аниқлик киритади?

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan