Uncategorized

Баҳром Абдуҳалимов сурхондарёлик сайловчилар билан учрашди

Сурхондарё вилояти Шеробод тумани Маданият марказида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимовичнинг сурхондарёлик сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда партия фаоллари, депутатлар, хайрихоҳлар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, меҳнат фахрийлари,  ёшлар,  фаол хотин-қизлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этдилар.

Мазкур учрашувда Президентликка номзод  Баҳром Абдуҳалимов сўзга чиқиб, ўз сайловолди дастурида илгари сурилган  устувор ғоялар, мақсадлар, асосий масалаларни  сайловчилар эътиборига ҳавола этди.

Хусусан, халқ таълими тизимидаги ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида педагог-муаллимлар меҳнатини рағбатлантириш, ўқитувчилик касби нуфузини ошириш, умумтаълим мактабларида ижтимоий адолат ва тенглик тамойилларининг қарор топишига эришиш, таълим муассасаларида тиббий хизмат даражасини юксалтириш каби мақсадлар айни бугунги замон талаби ва эҳтиёжларидан келиб чиққанлиги, қолаверса, электоратимизнинг асосий вакиллари бўлган педагогларнинг манфаатлари  ифода этилганлиги қайд этилди. Мамлакат учун замонавий, юқори интеллектуал кадрларни тайёрлашда таълим тизимининг барча босқичидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва  жадаллаштириш ғоялари ўрин олганлиги эътироф этилди.

Тадбирда дастурдаги аҳолини сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш, фуқаролар орасида тиббий маданиятни шакллантириш  каби ижтимоий масалаларнинг дастурдан жой олганлиги  алоҳида эътироф этилди.Хусусан, номзод дастуридан ўрин олган кучли ижтимоий ҳимоя йўналишида белгиланган мақсад ва вазифалар,айниқса, аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини қайта шакллантиришни давом эттириш масаласи, дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғуруқ мажмуалари, гинекология ва патронаж хизматлари фаолиятини такомиллаштириш каби устувор вазифалар белгиланганлиги аҳоли учун муҳим эканлиги таъкидланди.

Шунингдек, номзоднинг дастурида хотин-қизларнинг жамият сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларни босқичма-босқич давом эттириш, уларнинг янада чуқур билим ва касб маҳоратига эга бўлишлари учун кенг имкониятлар яратиш, юксак интеллектуал салоҳиятга эга бўлган аёлларни давлат бошқаруви органларининг барча соҳалари ва бўғинларига жалб қилиш масалаларига устувор вазифалар сифатида қаралиши олдимизда турган муҳим вазифалардан бири эканлиги айтиб ўтилди.     

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг ролини кучайтириш,   ижро ҳокимияти фаолияти  устидан  жамоатчилик назоратини ўрнатиш, барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ватанпарвар, профессионал ва фидойи инсонлар келишини таъминлаш, жиноятчиликка, порахўрликка, таъмагирликка, зўравонликка қарши муросасиз курашиш,  адолатли  ва мустақил суд-ҳуқуқ тизимини яратиш ишларини давом эттириш, судни том маънода адолат қўрғонига айлантириш каби асосий масалалар  диққат марказидан жой олганлиги таъкидланди.

Учрашувда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш тўғрисида фикр юритилди.

Учрашувда сўз олган маърузачилар томонидан Б.Абдуҳалимовнинг сайловолди дастуридан ўрин олган ҳуқуқий-демократик давлат ва адолатли жамият қуриш борасидаги конституциявий нормаларни ҳаётга тизимли равишда ва кенг жорий этишни давом эттириш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Номзоднинг сайловолди дастури юзасидан фикр-мулоҳаза билдирган сайловчилар вакиллари  номзодни   қўллаб-қувватладилар.  Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимовичга овоз беришга чақирдилар. Учрашув якунида номзод Баҳром Абдуҳалимов сайловчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар берди.

Ўзбекистон “Адолат”СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши ахборот хизмати

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan