Uncategorized

Ангор тумани Сурхондарёда қишлоқ хўжалиги экспорти бўйича намуна қилинади

Шавкат Мирзиёев вилоят қишлоқ хўжалиги соҳасидаги истиқболли режаларни маълум қилди.

Қайд этилишича, сўнгги уч йилда вилоятда сабзавот майдонлари 35 минг гектарга кенгайтирилган ва 10 минг гектарда интенсив боғлар, токзор ва иссиқхоналар барпо этилган.  

Жумладан, Термиз, Сариосиё ва Шўрчи туманларида 150 гектарда лимон, Шерободда 3,1 минг гектарда анор ва Боботоғ ҳудудида 2,7 минг гектарда писта  плантациялари барпо этилди.

Натижада вилоятнинг мева-сабзавотлар экспорти сўнгги уч йилда 2 баробар ошиб, 100 миллион долларга етди.

Вилоят салоҳиятини тўлиқ ишга солиб, ушбу кўрсаткични камида 500 миллион долларга етказиш мумкин.

Бунинг учун вилоятнинг бебаҳо табиатидан фойдаланиб, эртаки маҳсулотларни етиштириш орқали, йилига 3 марта ҳосил олиш зарур.

Масалан, сўнгги йилларда Ангор туманида 6,5 минг гектарда эртаки экин сифатида кўкат, карам, брокколи, қизил лавлаги, булғор қалампири каби маҳсулотларни етиштирмоқда. Бундан ташқари, 21 минг аҳоли хонадонидаги 2,3 минг гектар томорқада ҳам ушбу экспортбоп экинлар экилмоқда.

Бунинг ҳисобига, туманда жорий йилнинг ўзида қарийб 10 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган.  

Келгуси беш йилда Ангорда эски боғ ва токзорлар ҳамда янги ўзлаштириладиган ерлар ҳисобидан эртаки экинлар майдони 20 минг гектарга ва экспорт ҳажми йилига 25 миллион долларга етказилади.

Шунингдек, туманда 1 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари очиқ танлов асосида, аҳолига ўртача 50 сотихдан узоқ муддатга ижарага берилади ва 2 мингга яқин иш ўринлари яратилади.

Ангор мисолида, бошқа туманларда хам жами 50 минг гектар майдонда эртаки экинлар етиштириш йўлга қўйилиб, экспорт ҳажми йилига 100 миллион долларга етказилади.

Шавкат Мирзиёев ушбу етиштирилган эртаки мева-сабзавот маҳсулотларни тезкор экспортга юклаш тизимини ташкил қилиш мақсадида, Экспортни рағбатлантириш агентлиги қошида Сурхондарё вилояти учун алоҳида жамғарма тузилиб, ҳар йили 100 миллион доллар маблағ йўналтирилишини маълум қилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan