Uncategorized

ДХХ 16 февраль воқеаларига алоқадор террорчини қўлга олди

“Туркистон ислом ҳаракати” (ТИҲ) халқаро террорчилик ташкилоти аъзоси, Ўзбекистон ҳудудида ўта оғир жиноятлар содир этган Ю.Ж. хорижда қўлга олинди. 23 йилдан буён қидирувда бўлган бу фуқаро Ўзбекистонга олиб келинди.

Маълум қилинишича, 1969 йил Тошкент вилоятида туғилган ушбу шахс 1998 йилнинг бошларида Чеченистонга бориб, иорданиялик Амир Хаттоб томонидан ташкил қилинган жангарилар лагерида махсус тайёргарликдан ўтган. Ўша йилнинг охирларида Афғонистондаги ТИҲ халқаро террорчилик ташкилоти сафига қўшилган.

1999 йилнинг январида Тошкентга келиб, бадавлат одамларнинг уйларида босқинчиликларни амалга оширган. Уларнинг пул ва қимматбаҳо буюмларини Афғонистондаги ТИҲ етакчиларига юборган.

У 1999 йил 16 февраль ва 2004 йил 30 март кунлари Тошкент шаҳрида амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатларида ҳам иштирок этган.

Ҳозирда Ю.Ж.га қарши очилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

1999 йил 16 февралда Тошкентда, шу жумладан Мустақиллик майдонидаги ҳукумат биноси яқинида бир қатор кучли портлашлар содир бўлган эди. Расмий маълумотларга кўра, 13 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ одам жароҳат олган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan