ЎЗБЕКИСТОН

Халқаро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Сўнгги йилларда юртимизда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ­– жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга йўналтирилган кенг миқёсидаги ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда яшаб келаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари Бош Қомусимиз — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган тенг ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланиб,  барча жабҳаларда жумладан, илм-фан ва маданият соҳаларида ҳам самарали меҳнат қилиб келмоқдалар.

Чет мамлакатлар билан халқаро ҳамкорлик ва дўстона алоқаларни янада ривожлантириш, Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги обрў-эътибори ва имижини ошириш мақсадида мамлакатимиз раҳбарининг жорий йил 15 ноябрдаги “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур фармонда белгилаб қўйилган талаблар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети иккинчи чет тилини интенсив ўқитиш кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан бир катор ишлар амалга ошириляпти.

Бугунги кунда аҳил жамоамиз аъзолари томонидан талабаларга инглиз, индонез, малай, грек, турк, француз, форс, лотин тили каби ўндан ошиқ шарқ ва ғарб тиллари замонавий, илғор педагогик технологиялар, турли методлар орқали самарали ўқитиб келинмоқда. Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус доирасида талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга ҳам эътиборни қаратганмиз.

Кафедрамиз юртимизда фаолият кўрсатаётган хорижий элчихоналар, ваколатхоналар ҳамда маданий марказлар билан ҳамкорликда иш олиб бораяпти. Яқинда университетимизда Ҳиндистон маданият маркази билан ҳамкорликда “Ўзбекистон ва Ҳиндистон: бугун ва келажак” мавзусида маданий учрашув ташкил этдик. Унда иштирок этганлар бугунги кунда Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида маданий алоқалар билан бир қаторда, илм- фан соҳасида ҳам ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётганлигини алоҳида таъкидлашди. Дели университети вице-президенти Камал Кишар Гоянка, Дели университети профессори доктор Текчандани ва Марказий Ҳинд тили институти директори Нанд Кишор Пандейлар ҳам сўзга чиқиб, Ҳиндистоннинг етакчи олий таълим муассасалари билан  қўшма таълим ҳамда академик алмашинув дастурларини йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчиларни малака ошириш ва стажировка ўташ учун юбориш, халқаро конференция ва семинарлар ташкил этиш таклифини беришди. Ҳиндистон маданият маркази директори Чандра Шекхар 20 номдаги ҳинд ва инглиз тилларидаги китоб ва ўқув адабиётларини топширди. Учрашув сўнггида талабалар томонидан ҳинд ва ўзбек тилларида ижро этилган куй-қўшиклар ташриф буюрган меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Илм-фанни ривожлантириш, фанда янгиликлар яратишда талаба ва изланувчан ёшларнинг бирлашуви, инновацион ғоялар остида фикр-мулоҳазалар алмашиши бугунги кун ёшлари олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Иқтидорли ва ташаббускор ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида турли танловларни ўтказиш орқали улардаги қобилият намоён бўлмоқда. Малайзия элчихонаси томонидан ташкил этилган Emcee Audition for Malaysia Festival Week номли тадбирда нутқ равонлиги шарти бўйича университетимизнинг 4-босқич талабаси Озод Қурбонов фаол иштирок этиб, биринчи ўриннни эгаллади. Малайзиянинг Pendidikan Sultan Idris университетида ўтказилган танловда қатнашиш имкониятини қўлга киритган талабамиз 20 та давлатдан келган иштирокчилар орасида ҳам фахрли биринчи ўринни эгаллади. Индонезиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан ўтказилган танловда 1-курс талабаси Зебо Мамадиёрова ҳам иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди. Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида бўлиб ўтган финал босқичида қатнашиб, биринчи ўринга сазовор бўлди. Албатта, бу ютуқлар ўз ўзидан бўлмайди. Кафедрамиз профессор-ўқитувчиларининг саъй-ҳаракатлари ва тинимсиз изланишлари натижасида талабаларимиз мана шундай эътирофларга сазовор бўлишмоқда. Ҳинд тили фани ўқитувчиси Умида Махамадходжаева, индонез тили фани ўқитувчиси Феруза Авезоваларнинг меҳнатларини алоҳида таъкидлаш ўринли. Шу билан бирга бугунги кунда кафедрамизда малай тили фани ўқитувчиси Сабария Сулаймон, индонез тили фани ўқитувчиси Ҳурмаяни, турк тили фани ўқитувчиси Эркан Сансу каби уч нафар чет эллик волонтёр ўқитувчи фаолият кўрсатиб келмоқда.

Талабаларни эркин мулоқот майдонига жалб этиш, уларга бир нечта хорижий тилларни ўргатиш, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган юқори малакали кадрларни тайёрлаш олдимизда турган энг асосий вазифларимиз саналади. Бу йўлда масъулият билан ёндашиш ҳар бир профессор-ўқитувчининг бурчидир.

Дилфуза Тешабаева, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети кафедра мудири, филология фанлари доктори, профессор