
Термиз шаҳрида янги барпо этилган 26- умумий ўрта таълим мактаби фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан таълим муассасасида бўлиб ўтган тантанали тадбирда мустақиллик йиллари мамлакатимизда ёш авлодга чуқур билим бериб, уларнинг изланиш ва истеьдодини қўллаб-қувватлаш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишларидан бирига айлангани таькидланди. Айниқса, кейинги йилларда соҳага қаратилаётган юксак эьтибор таьлим сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлаётгани қайд этилди.
Президентимиз 2019 йил 30 апрель ва 1 май кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Термиз шаҳрининг Боғишамол маҳалласи Фаровон массивида барча қулайликларга эга замонавий мактаб барпо этиш вазифаси берилган эди. Шунга мувофиқ вилоятнинг Инвестиция дастури доирасида мазкур таьлим муассасасини қуриш белгиланиб, қарийб 39 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ва пардозлаш ишлари амалга оширилди. Замонавий усулда жиҳозланиб, ўқувчилар ва ўқитувчилар учун барча қулайлик яратилди.

-Энг улуғ,энг азиз байрамимиз шукуҳи эсаётган шу кунларда янги ўқув йилига совға қилинган таьлим-тарбия масканимиз ҳозирча воҳадаги энг йирик мактаб,-дейди таьлим даргоҳи директори Ихтиёр Зиётов.-1 540 ўқувчига мўлжалланган. Тўрт қаватли замонавий бинодан иборат бу даргоҳда иккита спорт зал, 250 ўринли ошхона, 350 ўринли фаоллар зали, ахборот-кутубхона маркази, ўқув зали, сунъий қопламали стадион, спорт майдонлари ҳам бунёд этилган. Барча хоналар компютер, интернет, конденционер, кузатув камераси, ичимлик суви билан таъминланган. Бу ерда таьлим ўзбек ва рус тилларида олиб борилади. Бу мактабнинг қад ростлагани шаҳардаги Боғишамол ва Каттабоғ маҳаллалари ҳудудидаги 1-11 синф ўқувчиларини тўлиқ қамраб олишга қулай имконият бўлди. Илк ўқув йили арафасида энг сара ўқитувчилар танлов асосида ишга қабул қилинмоқда.

Тантанали маросимда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов сўзга чиқди. Янги ўқув йили учун ўқишга қабул қилинган ўғил-қизлар билан суҳбатлашди. Салобатли мактаб кутубхонасига 200 дан ортиқ бадиий китоб совға қилди.
Байрамона тадбирга саньаткорлар ижросидаги дилрабо куй-қўшиқлар ўзгача файз улашди.