Uncategorized

Афғонистонда номаълум қуролланган шахслар 100 дан ортиқ тинч аҳоли вакилларини ўлдирган

Хунрезлик Қандаҳор вилоятининг Спин-Болдак туманида “Толибон” ҳаракати жангарилари ушбу ҳудудни босиб олгандан кейин рўй берган, деб хабар беради маҳаллий Tolo News телеканали ички ишлар вазирлиги вакили берган маълумотга таяниб.

Афғонистон ҳукумати тинч аҳолининг қирғин қилинишида туманни эгаллаб турган “Толибон” жангариларини айблади.

«Шафқатсиз террорчилар Панжобдаги (Покистон) раҳбарлари буйруғи билан Спин-Болдак туманидаги тинч аҳолининг уйларига босқин уюштирган, уйларни талаб 100 дан зиёд одамни ўлдирган», — деб баёнот берди ИИВ вакили Мирваис Станакзай.  

Телеканалнинг берган маълумотларига кўра, толиблар тинч аҳолининг ўлдирилишига алоқадор эмаслигини таъкидлашмоқда.

Бундан аввал ҳам Покистон билан чегарадош ушбу Спин-Болдак тумани толиблар томонидан босиб олинган ва кейинчалик яна ҳукумат қўшинлари назоратига ўтгани айтилмоқда.  

Покистон билан Афғонистон чегарасида жойлашган Спин-Болдак тумани савдо-сотиқ нуқтаи-назаридан муҳим стратегик нуқта ҳисобланади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan