Uncategorized

Токио-2020: Ўзбекистон делегациясининг байроқдорлари маълум қилинди

Токио-2020 Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида делегация байроқдорлари маълум қилинди. Бу ҳақда МОҚ хабар бермоқда.

Маросимда афсонавий гимнастикачи Оксана Чусовитина ва боксчиБобо-Усмон Батуров Ўзбекистон делегациясининг байроқдорлари бўлишади. Қайд этиш жоиз, Оксана Чусовитина ёзги Олимпия ўйинларида байроқдор бўлган дастлабки аёл атлетимиз сифатида тарихдан жой олмоқда.

Маълумот учун, Оксана Чусовитина Барселона-1992 Олимпия ўйинлари чемпиони, уч карра жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, қаторасига еттита ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган ер юзидаги ягона аёл гимнастикачи сифатида Гиннеснинг рекордлари китобига киритилган.

Демак, Токиодаги очилиш маросимда ўзининг саккизинчи Олимпиадасига тайёргарлик кўраётган, аллақачон дунё гимнастикаси афсонасига айланган ҳамюртимиз, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони эгаси Оксана Чусовитина мамлакатимиз спорт делегацияси байроғини кўтарган ҳолда XXXII ёзги Олимпия ўйинларининг бош аренасига бошлаб тушади. Унга эса бокс бўйича Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпионати совриндори, “Келажак бунёдкори” медали соҳиби Бобо-Усмон Батуров ҳамроҳлик қилади.

Очилиш маросимининг ссенарийсига кўра, барча давлатлардан 1 нафардан эркак ва аёл спортчилар байроқдор бўлиб чиқишади. Бу Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан тарғиб қилинаётган гендер тенглик сиёсатининг амалда татбиқ этилишидир.

Эслатиб ўтамиз, XXXII ёзги Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими 23-июл куни Тошкент вақти билан соат 16:00 да Токиодаги “Олимпия” стадионида бошланади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan