Диққат, танлов! “Ватанпарвар” ташкилоти журналистлар ва блогерлар ўртасида танлов эълон қилади!
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ташкил этилганига 30 йил тўлаётгани муносабати билан журналистлар ва блогерлар ўртасида “Ватанпарвар” ташкилоти – журналист нигоҳида” мавзуидаги республика танлови эълон қилинади.
Танловда мамлакатимиз ҳамда бошқа давлатларда яшовчи барча журналист ва блогерлар иштирок этишлари мумкин.
Танлов номинациялари:
– “Энг яхши теле-журналист”;
– “Энг яхши радио-журналист”;
– “Энг яхши босма ОАВ журналисти”;
– “Энг яхши Интернет-нашр журналисти”.
Танлов иштирокчиларидан қуйидагилар сўралади:
– “Ватанпарвар” ташкилоти фаолияти, унинг ривожланиш йўналишлари, юртимиз ижтимоий ҳаётида тутган ўрни ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ахборот бериш;
– “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан аҳоли, айниқса, ёшларни Ватанга садоқат, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар орасида спортнинг техник ва амалий турларини оммалаштириш бўйича йўлга қўйилаётган янгича самарали тизимларни очиб бериш;
– республикамиз аҳолиси, шу жумладан, ёшлар учун “Ватанпарвар” ташкилоти тизимидаги спорт секциялари ва тўгараклари ҳамда оммавий техник касбларга ўқитиш курсларида яратилган шарт-шароитлар, имкониятлар ҳақида оммани хабардор қилиш;
– болалар, ўсмирлар ва ёшларда “Ватанпарвар” ташкилоти сафига кириш хайрихоҳлигини ва иштиёқини уйғотиш.
Танловни ўтказиш тартиби ва муддатлари:
– танлов бир босқичда ўтказилади;
– танлов комиссияси 2021 йилнинг 23 ноябрига қадар энг яхши ишларни танлаб, ғолиб ва совриндорларни аниқлайди;
– иштирокчилар ўз материалларини (яъни мақола, блог, кўрсатув, видеоролик, эшиттиришларни) жорий йилнинг 1 ноябрига қадар танлов комиссияси кўриб чиқиши учун қуйидаги манзилга юборишлари лозим:
100017, Тошкент шаҳри, Осиё кўчаси, 86-А уй, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши.
Электрон манзил: matbuot@vatanparvar.uz
Телефон: (71) 235-52-63.
Танловга келган материалларни ўрганиш тартиби:
– танловга оммавий ахборот воситалари, жумладан, телевидение, радио, босма нашрлар, веб-сайтлар ёки мессенжер ва ижтимоий тармоқлардаги расмий канал ва саҳифаларда эълон қилинган материалларгина қабул қилинади.
– танлов комиссияси ҳар бир журналистик материални холислик ва шаффофлик принципларига асосланган ҳолда ўрганади.
Журналистлардан қабул қилинадиган материаллар:
– босма нашрлардаги материаллар даврий нашрларда, Интернетдаги мақолалар эса А-4 форматдаги қоғозда эълон қилинган сайт манбаси кўрсатилган ҳолда тақдим этилиши лозим. Ишнинг ҳажми – 1,5 интервалда, Times New Roman, 14 шрифтда бўлиши керак.
– телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар дискка кўчирилган ҳолатда тақдим этилиши лозим (техник носоз деб топилган ишлар кўриб чиқилмайди).
– материал ёзилган электрон манба (CD, DVD, flash) танлов ишига илова қилинади.
Титул варағида қуйидагиларни кўрсатиш лозим:
– муассаса номи, почта индекси ва манзили;
– иш мавзуси;
– муаллиф ҳақида маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, иш жойи, почта индекси, уй манзили, телефон рақами);
Юқоридаги талабларга жавоб бермайдиган ишлар танлов комиссияси томонидан кўриб чиқилмайди.
Қабул қилинган ишлар қайтарилмайди.
Ғолибларни тақдирлаш:
– танлов ғолиблари “Ватанпарвар” ташкилоти ҳисобидан харид қилинган ва тайёрланган қимматбаҳо совғалар ва дипломлар билан тақдирланади;
– ғолиблар жорий йилнинг 23 ноябрида – “Ватанпарвар” ташкилоти ташкил топган кунга бағишланган тантанали маросимда тақдирланади.
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Матбуот хизмати