Uncategorized

Оталикни белгилаш тартибининг ўзига хос хусусиятлари

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида оилани асраб-авайлаш, ота-она ва болаларни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш жамият ва давлат ҳаётининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Амалдаги Оила кодексида оила, оналик, оталик ва болалик давлат ҳимоясида эканлиги, оналик ва оталик иззат-икромга ҳамда ҳурматга сазоворлиги белгилаб қўйилган.

Шу билан бирга давлат томонидан оналик ва болаликнинг муҳофаза қилиниши, болалар ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларининг, ота-онанинг келиб чиқиши ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, ҳимояланиши каби конституциявий принципни таъминлаш судларнинг  ҳам устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

Хўш амалдаги оила қонунчилигида оталикни белгилаш тартиби қандай?

Оила кодексининг 61-моддасига кўра,  ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилганда, оталик онанинг ва ўзини боланинг отаси деб тан олган шахснинг биргаликдаги аризасига мувофиқ (боланинг онаси вафот этган, у суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, унинг яшаш жойини аниқлаш имкони бўлмаган ёки у оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолларда — ўзини боланинг отаси деб тан олган шахснинг аризасига мувофиқ) фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан белгиланади.

Ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки бола отасининг аризаси бўлмаса, Оила кодексининг 61-моддасида  кўрсатилган ҳолларда оталик суд тартибида белгиланади.

Оталикни белгилаш тўғрисидаги масала суд томонидан боланинг ота-онасидан бирининг, васий (ҳомий)си ёки бола қарамоғида бўлган шахснинг ёхуд вояга етганидан сўнг боланинг ўзи берган аризага мувофиқ даъво ишини юритиш тартибида ҳал этилади.

Боланинг онаси вафот этган, муомалага лаёқатсиз деб топилган, она қаердалигини аниқлашнинг имкони бўлмаган ёки у оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолларда ҳам, агар васийлик ва ҳомийлик органи боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахснинг аризасига биноан оталикни белгилашга розилик бермаган бўлса, суд ўша шахснинг аризасига мувофиқ оталикни даъво ишини юритиш тартибида белгилаши мумкин .

Оила кодексининг 72-моддасига кўра, никоҳда бўлмаган вояга етмаган ота-онадан бола туғилган ҳолда улар ўн олти ёшга тўлганларидан сўнг оталикни белгилаш тўғрисида мустақил равишда талаб қўйишга ҳақлидирлар. Шу муносабат билан суд кўрсатилган шахсларнинг оталикни белгилаш тўғрисидаги аризасини қайтаришга ҳақли эмас.

Оталикни белгилаш тўғрисидаги иш бўйича тараф вояга етмаган шахс бўлса, суд унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида унинг ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки васийсини қонуний вакил сифатида ишда иштирок этишга жалб этиши шарт .

Оталикни белгилаш ҳақидаги ариза суднинг иш юритувига фақат бола туғилганлиги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида қайд этилганлиги ҳақидаги туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома тақдим этилганидан сўнг  қабул қилинади.

Бундай ҳолатда туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома никоҳда бўлмаган онадан бола туғилганда ота-онанинг биргаликдаги аризаси ва оталикни белгилаш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори бўлмаса, туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарида отанинг фамилияси онанинг фамилияси бўйича, отага тегишли исм, отасининг исми ва миллати — она кўрсатмаси бўйича ёзилган бўлиши лозим.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида боланинг туғилганлиги қайд этилмаган бўлса, суд аризани қабул қилишни рад этади. Бундай ҳолда суд манфаатдор шахсга туғилишни қайд этиш учун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтириши шарт.

Боланинг отаси тўғрисида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан амалга оширилган ёзув бола унда кўрсатилган шахсдан келиб чиққанлигини тасдиқловчи далил ҳисобланиши туфайли, туғилиш тўғрисидаги далолатнома ёзувида боланинг отаси сифатида бошқа аниқ шахс кўрсатилган ҳолда ҳам суд аризани қабул қилишни рад этади.

Оталикни белгилаш тўғрисидаги ишлар бўйича даъво муддати назарда тутилмаган бўлиб, оталик бола туғилганидан сўнг исталган вақтда белгиланиши мумкин. Ўн саккиз ёшга тўлган болага нисбатан оталик эса фақат унинг розилиги билан, агар у муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, унинг васийси ёки васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги билан белгиланилишига йўл қўйилади.

Ўн олти ёшга тўлган вояга етмаган тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилинганда (эмансипация), бундай вояга етмаганга нисбатан ҳам фақат унинг розилиги билан оталик белгиланилишига йўл қўйилади.

Оталикни белгилаш тўғрисидаги низоларни ҳал этиш чоғида судлар боланинг онаси ва жавобгарнинг бола туғилишига қадар биргаликда яшаганликлари ва умумий рўзғор юритганликларини, боланинг онаси ва жавобгар болани биргаликда тарбия қилганликлари ёки таъминлаб турганликларини, жавобгар оталикни тан олганлигини ишончли тасдиқловчи бошқа далиллар мавжудлигини эътиборга олишлари шартдир.

Юқорида кўрсатилган шартлардан биттасининг иш бўйича аниқланиши оталикни белгилаш тўғрисидаги талабларни қаноатлантириш етарлидир.

Хулоса қилиб айтганда, боланинг насл-насабини ўз вақтида ва тўғри белгиланиши, боланинг ҳукуқ ва қонун билан билан қўриқланадиган   манфаатларини таъминланиши учун имконият яратади. Зеро, азиз фарзандларимиз келажагимиз пойдеворидир.

Баҳодир Джумаев, Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари

Нилуфар Тўраева,  Сурхондарё вилоят судининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўйича бош консультанти

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan