Uncategorized

Қонунлар амалдорга келганда ишламаяптими? – Расул Кушербаев

«Яқинда Сурхондарё вилоятининг Денов тумани марказида дарахтларнинг оммавий кесиб ташланаётганига шахсан гувоҳ бўлиб, бу ҳақида жамоатчиликка маълум қилгандим», демоқда депутат Расул Кушербаев.

Туман марказидаги Шароф Рашидов, Намозгоҳ маҳалласидан ўтган йўл қатнов қисми ва бошқа ерларда ҳам юзлаб (балки минглабдир) қимматбаҳо дарахтлар ошкора кесиб ташланган, хатто ўтин сифатида сотувга қўйилганлари ҳам бор. Ҳар қадамда кесилган дарахт ўрнига дуч келиб йиғламоқдан бери бўласиз. Қонунсизликнинг чўққиси.

«Табиатга етказилган зарар эса 329 млн сўмдан ортиқ экан. Ҳақиқатан ҳам зарар суммаси жиноятга тортади. Бу ҳолатга оддий фуқаро ёки тадбиркор йўл қўйса бир зумда жиноят иши очилади. Лекин мазкур вазиятда жиноят иши қўзғатувчиларимиз негадир жим: ИККИЮЗЛАМАЧИЛИК.

Бир нарса аниқ: агар жиноят иши очилиб, суриштирув тергов ҳаракатлари бошланса, ишни бошида турган оддий йўл участкаси бошлиғи эмас, унданам «тепароқ»даги оёғи ердан узилган «валломат»ларга бориб тақалиши мумкин. Жимлик шунгамикан?

Нима бўлганда ҳам мазкур масала бўйича Бош прокурор номига албатта депутатлик сўрови киритамиз ва нима учун қонунлар икки хил стандартда қўлланилаётганига тушунтириш сўраймиз.

Вазиятга изох талаб қилишнинг кераги ҳам йўқми дейманда. Чунки Сурхондарёда қонунлар ишламаслиги, масъуллар қонун олдида жавоб бермаслигига кўпчилигимиз ўрганиб ҳам қолдик. Президент Фармони ҳам оёқ ости қилмоқда, лекин ҳамма жим…

Бу ҳудуднинг ўз қонуни борга ўхшайди: яшасин қонунсизлик, ўлсин она табиат!», дейди депутат.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan