Uncategorized

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тизимида замонавий тиббиёт кислороди ишлаб чиқарувчи янги корхона ўз фаолиятини бошлади

Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида “Тошкент кислород заводи” УК негизида замонавий тиббиёт кислороди ишлаб чиқаришни ташкил этиш инвестиция лойиҳаси асосида маҳаллий инвестор томонидан коронавирус пандемияси шароитида республика шифохоналарини тиббиёт кислородига бўлган талабини қондириш мақсадида “OXYGEN TASHKENT” МЧЖ ташкил этилди.

Умумий қиймати 2,0 млн долларга тенг бўлган инвестиция лойиҳаси асосида ташкил этилган корхона 1985 йилда барпо этилган “Тошкент кислород заводи” ДКнинг мавжуд эскирган технологияларини Хитойнинг “Hangzhou Union Industrial Gas-Equipment Co., Ltd.” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган умумий қиймати 1,3 млн долларга тенг бўлган замонавий энерготежамкор асбоб-ускуналар билан қайта жиҳозланди. Шунингдек, корхонанинг мавжуд бинолари реконструкция қилиниб, қарийб 7 млрд сўмга тенг қурилиш монтаж ишлари амалга оширилди. Бунинг натижасида корхона мавжуд қувватлари (1260 м3) 10 мартага ортиб кунига 12600 м3 (21 тонна) тозалиги 99,7%ни ташкил этувчи тиббиёт кислороди ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Ўрнатилган замонавий энерготежамкор ускуналар ҳамда лойиҳа доирасида Креоген технологияси (сиқилган ҳаводан кислородни ажратиб олиш ва паст ҳароратда уни суюқликка айлантириш) орқали маҳсулот олиш натижасида 1 тонна тайёр маҳсулот учун электр энергия сарфи 8 160 КВтдан 832 КВтга туширилди.

Лойиҳани амалга ошириш натижасида Тошкент шаҳрида жойлашган барча давлат тасарруфидаги тиббиёт масканларини тўғридан-тўғри шартномалар асосида тиббиёт кислороди билан узлуксиз таъминлаш режалаштирилган. Хусусан, ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 70%ни (2,94 млн м3) Тошкент шаҳрида жойлашган давлат тасарруфидаги тиббиёт муассасаларига ва қолган 30%ни (1,26 млн м3) хусусий тадбиркорларга сотиш белгиланган.

Бунинг натижасида йилига умумий қиймати қарийб 24 млрд сўмга тенг 4,2 млн м3 (6930 тонна) тиббиёт кислороди ишлаб чиқарилади ҳамда ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулот нархини қарийб 52%га туширилиб (1 м3 нархи 9,2 минг сўмдан 4,5 минг сўмга туширилди), йилига қарийб 8,5 млрд сўм давлат бюджетининг маблағлари тежалишига эришилади. Шу билан бирга лойиҳа ишга тушиши натижасида 30га яқин янги иш ўринлари яратилади.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan