Uncategorized

Қарз шартномасига оид муносабатларни тартибга солишнинг қонуний асослари

Амалдаги қонунчилик талабига кўра, фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатлари битимлар деб юритилади. Кундалик ҳаётда инсонлар тули хил мазмунда ўзаро битимлар тузишади. Шунингдек ушбу битимлар ўзаро келишувга мувофиқ ҳар хил усулда тузилиши билан бирга қонунда назарда тутилганидек ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқаради.

Ҳаётда фуқаролар ўртасида қарз муносабатлари вужудга келади. Ўзаро бир-бирига ишонч туфайли мазкур қарз муносабатлари фуқаролар ўртасида оғзаки равишда ҳам тузилади. Бироқ, тарафлар ўртасида кейинчалик совуқчилик тушиб, низо судгача ҳам етиб боришига, судлар томонидан низони қонуний ҳал этиш учун бир қатор қийинчиликларни вужудга келтиришига сабаб бўлмоқда. Чунки, амалдаги қонунчилик талабига кўра, тарафлар ўртасидаги ҳақиқатда ҳам қарз муносабатлари бўлганлигини исботловчи бирдан бир манба ёзма шаклда тузилган қарз шартномаси ёхуд қарз берувчи томонидан муайян сумма топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат ҳисобланади. 

Хўш, бундай низолар судлар томонидан қандай ҳал этилади.

Амалиётдан бир мисол. Даъвогар П.М. жавобгарлар Б.С. ва Х.Н.ларга нисбатан судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, унда қарзни ундиришни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг 2020 йил 4 мартдаги  ҳал қилув қарорига кўра, даъво қаноатлантирилган.

Унга кўра, жавобгарлар Б.С. ва Х.Н.лардан даъвогар П.М.нинг фойдасига 1.250 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 11.938.450 сўм қарз ва 493.148 сўм суд харажати ундирилган.

Апелляция судлов ҳайъатининг 2020 йил 23 июндаги ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қисман бекор қилиниб, даъво талабининг жавобгар Х.Н.га нисбатан қисми рад этилган.

Ҳал қилув қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.

Аниқланишича, жавобгар Б.С. томонидан 2018 йил 18 майда ёзилган тилхатга кўра, даъвогар П.М.дан автомашина сотиб олиш учун 1.250 АҚШ доллари қарз олганлиги баён этилган.

Жавобгар Б.С. судлов ҳайъатидаги тушунтиришида даъвогар П.М.дан қарз олмаганлиги, автомашина олди-бердиси бўлган вақтда Россия давлатига ишлаш учун кетганлигини баён этган бўлса-да, ўзининг важларини тасдиқловчи далилларни тақдим этмаган.

Жавобгар Б.С. билан даъвогар П.М. ўртасидаги қарз муносабати жавобгар Б.С. томонидан ёзилган тилхат орқали ўз исботини топган.

Биринчи инстанция суди даъвонинг Б.С.га нисбатан қисмини қаноатлантириш ҳақида тўғри тўхтамга келган бўлсада, бироқ даъвонинг жавобгар Х.Н.га нисбатан қисмини қаноатлантириш ҳақида асоссиз хулосага келган.

Апелляция судлов ҳайъати жавобгар Х.Н.нинг қарз олганлиги ёки қарзни қайтариш мажбуриятини олганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмаслиги асосида суднинг ҳал қилув қарорини қисман бекор қилиш ҳақида тўхтамга келган.

Мухтасар қилиб айтганда, қарз олди-берди муносабатлари тарафларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этишлиги сабабли, мазкур тоифадаги ҳуқуқий муносабатларга киришишда амалдаги қонун талабларига тўлиқ риоя этилиши тарафлар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган турли низоларнинг олдини олган бўлади.

Сурхондарё вилоят суди судьяси                                           Шерзод Элиев

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan