Uncategorized

Суд ҳокимиятининг мустақиллиги-одил судлов кафолати.

Суд ҳокимияти — бу судларнинг Ўзбекистон Республикаси Конс¬титуцияси ва қонунлари устуворлиги принципига сўзсиз риоя қилиш асосида жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ишларини ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш бўйича ваколатидир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддасида суд ҳокимияти давлат ҳокимиятининг алоҳида тизими сифатида тан олинган.
Шунингдек, Давлатнинг Асосий Қонунида суд ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритиши белгиланган.
Фақат мустақил суд ҳокимияти ҳар бир фуқаронинг ваколатли ва холис судда ишни ошкора кўриш орқали ўзининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиши мумкинлигига кафолат бўлиб хизмат қилади.
Мустақил ва холис судни талаб қилиш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқ Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясининг 10-моддасида ва Ўзбекистон Республикаси қўшилган бошқа халқаро ҳуқуқ ҳужжатларида мустаҳкамланган.
Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунинг 3-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилиши, Қонуннинг 60-моддасида эса судьялар қонунга мувофиқ одил судловни амалга оширишга ваколат берилган шахслар эканлиги белгиланган.
Одил судловни амалга ошириш учун биринчи омил бу судья ва суд ҳокимиятининг мустақиллигидир.
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ва одил судлов даражасини ошириш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари бири сифатида қаралмоқда. Гарчи, миллий қонунчилигимизда суд ҳокимиятининг мустақиллигини кафолатлашга қаратилган нормалар мустаҳкамлаб қўйилган бўлса-да, бироқ бугунги талаб ва халқаро стандартлар асосида кафолатни янада кучайтириш талаб эди. Чунки, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминламай туриб, асосий мақсад — одил судловни амалга ошириш, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашга эришиб бўлмайди
Сўнгги йилларда мамлакатда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, суд ишлари юритилишини такомиллаштириш, фуқаролар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд томонидан ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, малакали кадрларни танлаш, судьялик касбига тайёрлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш бўйича бир қатор ислоҳотларлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрда “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2018 йил 13 июлда қабул қилинган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2020 йил 24 июлда қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2020 йил 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 07 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2021 йил 13 январдаги “Суд органлари фаолиятини молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ва улар асосида қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар суд-ҳуқуқ ислоҳотларини юқори босқичларга кўтарди, шу билан бирга суд ҳокимиятининг мустақиллигини ҳамда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш муҳим омил бўлди.

Суд тизими бугунги кунда бутунлай ижро этувчи ҳокимият органларининг назорати ва таъсири остидан чиқарилганлиги, судларнинг ваколатлари изчил кенгайтирилиб, айни пайтда ўзига хос бўлмаган вазифалардан озод этилганлиги, жумалдан судлар жиноят ишини қўзғатиш, жиноят иши бўйича айблов хулосаларини эълон қилиш ваколатларидан соқит қилинганлиги, дастлабки тергов устидан суд назорати кучайтирилиб, прокуратура органларининг суд жараёнига аралашувини жиддий чеклаш бўйича қонунчилик нормаларига зарур ўзгартишлар киритилганлиги суд ҳокимиятини нуфузини, судга мурожаат қилувчи инсонларнинг судга бўлган ишончини янада оширди.

Сурхондарё вилоят судининг
судьяси Зокир Тожиев

Сурхондарё вилоят судининг
судья катта ёрдамчиси
Темур Музрапов

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan