Uncategorized

Янгиқўрғонлик ёш келинчак турмуш ўртоғига бир буйрагини бермоқда.

Aкадемик В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали мутахассислари наманганлик шифокорлар билан биргаликда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ноёб жарроҳлик амалиётини муваффақиятли ўтказишди. Вилоятда шу ҳафтанинг ўзида 4 та ана шундай мураккаб операциялар ўтказилиши белгиланган. Бу ҳақда ССВ хабар берди.

Бунга қадар буйрак трансплантацияси операцияси юртимизда фақатгина Тошкент шаҳрида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида амалга оширилар эди.

Дастлабки операция қарийб уч соат давом этди. Чортоқ туманининг Чорсу маҳалласида яшовчи 21 ёшли Дилноза Aҳмаджоновага онаси Ёқутхон Муталиева бир буйрагини берди. Энг муҳими, ҳар икковининг ҳам аҳволи яхши ва беморлар тиббий стандартлар асосида назоратга олинган.

Операция столига ётқизиладиган яна бир бемор поплик 30 ёшли темирйўл ишчиси Муҳриддин Маҳкамовдир. Қўқондаги темирйўлчилар поликлиникаси мурожаат қилганида унда буйрак шамоллаши аниқланган, аҳволи оғирлашиб бориб, Наманган вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг нефрология бўлимига мурожаат қилишга мажбур бўлган. М. Маҳкамовга акаси Муроджон Маҳкамов бир буйрагини беришга рози бўлди.

Кейинги бемор Жавоҳир Эргашев ҳам жарроҳлик амалиётига тайёргарлик кўрмоқда. Янгиқўрғоннинг Ғовазон қишлоғида яшовчи 24 ёшли бемор бир ярим йилдан бери гемодиализ аппаратига “боғланиб” яшаётган эди.

— Ҳафтасига 3-марта қонимни тозалатишга мажбур эдим. Икки кунда такрорланадиган бундай муолажа одамни эзиб юборади, – дейди Ж. Эргашев. – Яхшиям давлат томонидан бепул, беминнат хизмат кўрсатилади. Ниҳоят, қуриган буйрагим ўрнига соғломини кўчириш мавриди келиб қолди. Ким бундай инʼомни менга лойиқ кўрганини айтсам, нақадар бахтли инсонлигимни англаб етсангиз керак.

Унга умр йўлдоши Наима Қаюмова бир буйрагини беришга қарор қилган. Жарроҳлик амалиётидан кейин ёш оила икки ёшли фарзанди Хушнудбек билан ширин турмушини давом эттиришни ният қилишган.

2017-йил 23-октябрда қабул қилинган “Буйрак ва жигар тўқималарини трансплантация қилиш ҳақида”ги вақтинчалик Низомга мувофиқ тиббий амалиётнинг муваффақиятли ижроси ҳозиргача фақат пойтахт Тошкентда изчил таъминлаб келинаётган эди. Энди эса Наманганда ҳам бу жараён дадил бошлаб юборилди. Бир йўла учта буйрак трансплантацияси амалиёти ўтказилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan