Uncategorized

Суд залидан: Ўғрининг қилмиши жазосиз қолмади

Инсон ўз ҳаёти давомида турли тўсиқларга дуч келиб яшайди. Ҳаёт қаршиликлари, муаммоларини ақлан, теран мушоҳада билан енгиб ўтиб, жамиятнинг фаол иштирокчиси бўлиб яшаётганлар борки, шу боис эзгулик дунё тинч-осойишталигининг устуни бўлиб хизмат қилаверади. Бунинг акси бўлиб, яшашдан завқланиш, ўзи ва оиласи, жамиятга наф улашишдан узоқлашган ҳолда, фақатгина ўз манфаати йўлида жиноят кўчасига киришни умри давомида касб қилиб олганлар эса қаттиқ назорат остидаги тарбияга муҳтож бўлиб қолаверадилар.

Ана шундайлар тоифасига кирувчилардан бири Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қанча моддалари билан айбланиб, бир ёки икки эмас, тўрт марта турли кўринишдаги жиноятларни содир этиб келган бўлсада, жазоларни ўташ чоғида ҳам тегишли хулосалар чиқармаган Рахимбой Холмуродов (исм- фамилияси ўзгартириб берилмоқда) бешинчи марта яна ўғирлик ишига қўл урди.

Турмуш ўртоғидан аллақачонлар ажрашиб бўлган, уч нафар фарзандига меҳр улашишдан мосуво бўлиб, уларнинг кўнгил дунёсида қаҳр уйғотган ота дорихонага киради, кейин спиртли маҳсулот истеъмол қилиб олгач, чўнтагидаги охирги пулларини ҳам сарфлаб бўлади ва ўғирлик қилиш ниятида туман тиббиёт бирлашмасига боради.

Хоналардан бирига кириб, ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ҳамширалардан бирининг сумкасини ўғирлаган ҳолда қочиб қолади.

У шу йўл билан сумка ичидаги бозор нархида баҳоси 500 000 сўм бўлган уяли алоқа телефони, 4 дона пластик карточкаси, 1 000 000 сўм пуллари, 1 000 Россия Федерацияси рубли ва бошқа буюмларни яширин равишда талон-тарож қилиш жиноятини содир этади.

Р.Холмуродовнинг ножўя уринишлари уни бу гал аввалгиларидан ҳам бошқачароқ, яъни жазони қаттиқ тартибли колонияларда 6 йил давомида панжара ортида яшашга етаклаб кетди.

Зуфар НАРЗИЕВ, Жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси

Олим ТОҒАЕВ, Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди раиси

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan