СИЁСАТ

Шавкат Мирзиёев кейинги ҳафтада Японияга боради

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Япония Бош вазири Синдзо Абэнинг таклифига биноан 2019 йил 17-20 декабрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.

Президент матбуот хизмати хабар беришича, ташриф давомида Япония Бош вазири Синдзо Абэ, Парламентнинг Маслаҳатчилар палатаси президенти Акико Санто, Парламентнинг Вакиллар палатаси спикери Тадамори Осима, Бош вазир ўринбосари, молия вазири Таро Асо билан музокаралар бўлиб ўтади. Томонлар Ўзбекистон-Япония муносабатларини, шу жумладан, истиқболда ривожлантиришнинг узоқ муддатли устувор йўналишларини муҳокама қилишади, халқаро аҳамиятга молик долзарб муаммолар юзасидан фикр алмашишади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Япония Императори Нарухито томонидан қабул қилинади.

Ташриф дастуридан Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Синичи Китаока, етакчи саноат ва молия тузилмалари раҳбарлари билан учрашувлар ўрин олган. Икки мамлакат ишбилармонлик доиралари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, Япония компаниялари вакилларини Ўзбекистондаги йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга ўзаро манфаатли шартларда жалб қилиш масалаларини кўриб чиқиш режалаштирилган.

Давлат раҳбари Япониянинг энг муҳим иқтисодий марказларидан бири – Нагоя шаҳрига ташриф буюриб, шаҳарлар ва таълим муассасалари ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш истиқболларини муҳокама қилиш учун Аичи префектураси губернатори Хидэаки Омура, шаҳар мэри Такаси Кавамура, Нагоя университети ректори Сейичи Мацуо билан учрашади.

Музокаралар натижаси бўйича Ўзбекистон билан Япония ўртасида стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнот қабул қилиниши, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, божхона, туризм, илмий-техник ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг шартнома-ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.