Uncategorized

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ

«Diyor24.uz “сайтига Сурхондарё вилояти Термиз туманида яшовчи фуқаро Наргиза Ҳасанова савол билан мурожаат қилди. Унда шундай дейилади:

– Ёшим 25 да, исмим Наргиза, бир нафар фарзандим бор, турмуш ўртоғим билан қонуний никоҳимиз бекор бўлмаган бўлсада, ўртадаги келишмовчиликлар сабабли анчадан бери у билан бирга яшамаймиз. Турмуш ўртоғим фарзандимга ҳеч қандай моддий ёрдам бермайди, алимент тўламайди, аммо у болани мендан олиб кетишга ҳаракат қилаяпти, болага алимент тўламаса ҳам унинг бола билан кўришиб туришга ҳаққи борми ?

Бу саволга Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди судьяси Зариф Хўжамуротов жавоб берди:

– Оила кодексининг 66-моддасига кўра, бола отаси, онаси, бобоси, бувиси, ака-укалари, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-онасининг никоҳдан ажралиши, никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши ёки ота-онанинг бошқа-бошқа яшаши боланинг ҳуқуқларига таъсир қилмайди.
Ота ва она алоҳида яшаган ҳолда бола уларнинг ҳар бири билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-она турли давлатларда яшаган тақдирда ҳам бола улар билан кўришиш ҳуқуқига эга.
Фавқулодда вазиятларга тушиб қолган бола (ушлаб туриш, қамоққа олиш, ҳибсга олиш, даволаш муассасасида бўлиш ва бошқа ҳолларда) ўз ота-онаси ва бошқа қариндошлари билан қонунда белгиланган тартибда кўришиш ҳуқуқига эга.
Мазкур кодекснинг 96-моддасига кўра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.
Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.
Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.
Ота-она ва бола алоҳида-алоҳида яшаган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола бир вақтнинг ўзида ота ва онадан вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли.
Агар турмуш ўртоғингиз фарзандингизга алимент тўламаётган бўлса, Сиз алимент ундириш тўғрисида ўзингиз яшаб турган фуқаролик ишлари бўйича судга ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин бўлади.

Сурхондарё вилояти умумюрисдикция судининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўйича бош консультанти Нилуфар Тўраева тайёрлади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan